С витамини хотирани ҳимоя қилишга ёрдам бериши мумкин — янги тадқиқот
Япония олимлари олиб борган йирик тадқиқот натижаларига кўра, организмда С витамини миқдори юқори бўлиши кекса ёшда мия саломатлигини сақлашга ёрдам бериши мумкин. Тадқиқот натижалари илмий PLOS One журналида эълон қилинди.
Тадқиқотда 64 ёшдан ошган 2 044 нафар япон иштирок этган. Олимлар иштирокчиларнинг қон плазмасидаги С витамини даражасини ўлчаб, МРТ текширувлари орқали мия тузилиши ва фаолиятини таҳлил қилган.
Натижаларга кўра, қонида С витамини миқдори паст бўлган кишиларда хотира ва фикрлаш учун масъул бўлган мия қисмлари ҳажми кичикроқ ва кучсизроқ экани кузатилган.
Тадқиқот муаллифи Томоҳиро Шинтакунинг таъкидлашича:
«Тадқиқотимиз қондаги С витамини юқори даражаси когнитив фаолият учун муҳим бўлган мия тармоқларининг яхшироқ сақланиши билан боғлиқлигини кўрсатди. Бу С витаминига бой овқатланиш кекса ёшда мия саломатлигини қўллаб-қувватлаши мумкинлиги ҳақидаги илмий гипотезани кучайтиради».
Бироқ олимлар мазкур тадқиқот С витамини мияни тўғридан-тўғри ҳимоя қилади, деган хулосани англатмаслигини таъкидлаган. Чунки бу кузатув тадқиқоти бўлиб, у фақат статистик боғлиқликни кўрсатади. Сабаб-оқибат муносабатини тасдиқлаш учун қўшимча клиник тадқиқотлар талаб этилади.
Мутахассислар келгусида турли мамлакатлар аҳолиси иштирокида узоқ муддатли кузатувлар ўтказиш ҳамда овқатланиш ва турмуш тарзининг бошқа омилларини ҳам ҳисобга олиш зарурлигини қайд этмоқда.
Олимлар фикрича, мевалар ва сабзавотларга бой, С витамини етарли бўлган рацион нафақат умумий саломатлик, балки миянинг қариш жараёнига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши мумкин.
