Мисрда Византия даврига оид сақланиб қолган шаҳар қолдиқлари топилди
Хабарларга кўра, археологлар мамлакатнинг ғарбий қисмида, Ливия чўлида жойлашган Дахла воҳасида Миср Византия империяси таркибида бўлган IV асрга оид шаҳар қолдиқларини топди. Бундан ташқари, Искандария яқинидаги Марина-эл-Аламейн ҳудудида 18 та қадимий қабр — 11 таси қояга ўйилган ва 7 таси ер усти қабрлари аниқланди.
Бу ҳақда Associated Press агентлиги Миср Туризм ва қадимий ёдгорликлар вазирлигига таяниб хабар бермоқда.
Дахла воҳасида шимолдан жанубга ва шарқдан ғарбга томон кесишувчи кўчалардан иборат маҳаллалар топилди. Аҳоли пунктининг четида, асосий кўчаларга қараган ҳолда базилика ва иккита кузатув минораси қолдиқлари жойлашган.
Шунингдек, ҳудуддан қалин мустаҳкам деворларга эга мудофаа иншоотлари ва равоқли томларга эга турар-жойлар топилган. Улардан бири диакон (черков хизматчиси) уйи деб топилган бўлиб, базилика қурилгунга қадар черков вазифасини ҳам бажарган.
Марина-эл-Аламейн ҳудудидан сопол идишлар, амфоралар, чироқлар, лаганлар, қурбонгоҳлар ва оҳактош косалар, шунингдек, дафн маросимида марҳумларнинг оғзига солинган тўртта олтин танга топилди. Бундан ташқари, 2,5 метрлик гранит саркофаг ва унинг ичида скелет қолдиқлари, унинг ёнида эса гипсдан ясалган сфинкс ҳайкали бўлаклари аниқланди.
