ЕИ Исроил аҳоли пунктларига чеклов тайёрламоқда

ЕИ Исроил аҳоли пунктларига чеклов тайёрламоқда

Европа комиссияси Европа Иттифоқи давлатларига босиб олинган Фаластин ҳудудларидаги Исроил посёлкаларига нисбатан савдо чекловларини кучайтириш бўйича эҳтимолий чораларни ўз ичига олган ҳужжатни тақдим этди.

Кўриб чиқилаётган таклифлар орасида ушбу посёлкаларда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар импортини тўлиқ ёки қисман тақиқлаш, юқори божлар жорий этиш ҳамда экспортда мажбурий лицензиялаш тартибини қўллаш бор.

Таклифлар 13 июль куни Европа Иттифоқи ташқи ишлар вазирлари иштирокида ўтадиган Ташқи ишлар кенгаши йиғилишида муҳокама қилинади. Айни пайтда мазкур ҳужжат расмий қонунчилик ташаббуси ҳисобланмайди ва учрашувда якуний қарор қабул қилиниши режалаштирилмаган.

Euronews маълумотига кўра, Европа комиссияси бундай чоралар Европа Иттифоқининг умумий ташқи ва хавфсизлик сиёсати доирасида 27 аъзо давлатнинг бир овоздан розилиги билан тасдиқланиши керак, деб ҳисобламоқда.

Шу билан бирга, Европа Иттифоқи Кенгашининг ҳуқуқий хизмати айрим савдо чекловларини умумий савдо сиёсати доирасида малакали кўпчилик овози билан қабул қилиш мумкинлигини билдирган.

Бу ташаббус Европа Иттифоқининг қатор давлатлари Исроилнинг босиб олинган Ғарбий Соҳилдаги посёлкаларини кенгайтириш сиёсатига жавобан иқтисодий босимни кучайтиришга чақирган бир пайтда илгари сурилди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: