Туркия қулай халқаро ва маҳаллий парвозлари билан ёзги саёҳатлар учун етакчи йўналишга айланмоқда
Ёзги таътилда ҳар бир дақиқа қадрли. Бугунги саёҳатчилар манзилга тез, қулай ва ортиқча оворагарчиликсиз етиб боришни тобора кўпроқ қадрламоқда. Чунки йўлда камроқ вақт сарфлаш таътилдан кўпроқ завқ олиш имконини беради.
Қулайлик ва тезкорлик саёҳат тажрибасининг муҳим мезонига айланаётган бир пайтда, манзилга етиб келиш жараёни ҳам алоҳида аҳамият касб этмоқда. Айниқса, ёзги мавсумда кўплаб йирик аэропортларда узун навбатлар одатий ҳолга айлангани бу масалани янада долзарб қилади.
Жаҳон саёҳат ва туризм кенгаши (WТТC)нинг буюртмаси асосида ўтказилган тадқиқотга кўра, янги Кириш/Чиқиш тизими (ЭEС) ва биометрик чегара текширувлари натижасида уч-тўрт соатлик кутиш ҳолатлари саёҳатчиларнинг учдан бир қисмини Шенген ҳудудига сафар қилишдан қайтариши мумкин.
Ана шундай вазиятда Туркия тез, қулай ва ортиқча оворагарчиликсиз етиб бориш мумкин бўлган йўналиш сифатида ажралиб туради. Дунёнинг йирик марказлари билан йўлга қўйилган кенг тўғридан-тўғри авиақатновлар тармоғи ва самарали чегара тартиблари меҳмонларга кутишга камроқ вақт сарфлаш, келган заҳотиёқ Туркиянинг бой ва ранг-баранг ёзги таътил имкониятларидан баҳраманд бўлиш имконини беради.
Тўғридан-тўғри парвоз ва навбатларсиз саёҳат
Халқаро саёҳатчилар учун Туркиянинг муҳим афзалликларидан бири — мамлакатнинг барча етти минтақасини қамраб олган кенг ва қулай аэропортлар тармоғидир. Замонавий инфратузилма, юқори сифатли хизмат ва туркларга хос самимий меҳмондўстлик уйғунлиги Туркия аэропортларида меҳмонларни илк қадамданоқ илиқ таассурот билан кутиб олади.
Мамлакатнинг йирик метрополиси Истанбулда икки аэропорт хизмат кўрсатади. Шу билан бирга, Туркиянинг бошқа машҳур йўналишларига ҳам етиб бориш осон. Эгей минтақасининг дурдоналари — Измир ва Муғла, Турк Ривиерасининг ёрқин манзили Анталия, шунингдек, тарихий пойтахт Анқарадаги замонавий аэропортларга тўғридан-тўғри учиш мумкин. Бу аэропортлар тезкор хизмат кўрсатиш тизими ва ички йўналишларга қулай уланиш имконияти билан ажралиб туради.
Каппадокиянинг бетакрор манзаралари, жумладан, машҳур “пери мўрилари”га ҳам яқин аэропортлар орқали осон етиб бориш мумкин. Шу боис Туркиянинг сайёҳлик масканлари саёҳатчилар учун узоқ ва машаққатли йўл эмас, балки қисқа, қулай ва завқли сафарга айланади.
Туркиянинг йирик аэропортлари, айниқса Истанбул ва Анталиядаги ҳаво бандаргоҳлари, дунёнинг етакчи авиамарказлари билан мунтазам тўғридан-тўғри парвозларни амалга оширади. Бундай қулай боғланишнинг энг ёрқин намунаси Истанбул аэропортидир. У 31-май куни бир суткада 1 730 та парвоз ҳаракатига хизмат кўрсатиб, очилганидан буён энг юқори кунлик кўрсаткични қайд этди. Кенг терминал имкониятлари, самарали иш жараёни ва йўловчилар қулайлигига йўналтирилган дизайни туфайли Истанбул аэропорти йўловчилар оқимининг равон ҳаракатланишини таъминлайди. Бу эса саёҳатчиларга таътилни ортиқча кутишларсиз, хотиржам ва қулай тарзда бошлаш имконини беради.
Ҳар қадамда қулай боғланиш
Туркиянинг кўплаб аэропортлари йирик халқаро авиамарказлар билан ҳам тўғридан-тўғри парвозлар орқали боғланган. Хусусан, ёзги мавсумда Измир, Муғла ва Анталия аэропортларига Европанинг турли шаҳарларидан амалга ошириладиган бевосита қатновлар сони сезиларли даражада ортади.
Кун давомида бир нечта парвознинг мавжудлиги ва йўлнинг одатда уч-тўрт соат атрофида давом этиши Туркияни ҳатто қисқа муддатли, кутилмаганда режалаштирилган саёҳатлари учун ҳам қулай йўналишга айлантиради. Бунга мамлакатнинг илиқ Ўрта ер денгизи иқлими ҳам қўшимча устунлик беради: Туркияда ёзги мавсум сентябрь ва октабр ойларигача давом этади. Бу эса саёҳатчиларга денгиз бўйидаги таътилдан янада узоқроқ баҳраманд бўлиш имконини яратади. Ушбу манзиллар Мовий байроқли пляжлари, мусаффо сувлари ва дайвинг каби унутилмас таассуротлари билан ёзги таътилни давом эттиришни истаганлар учун жозибали танлов бўлиб қолмоқда.
Туркия аэропортларининг яна бир муҳим афзаллиги — шаҳар марказлари билан қулай транспорт алоқасига эга эканидир. Саёҳатчилар аэропортдан шаҳарга тез ва осон етиб бориш учун автобус ҳамда метро каби жамоат транспорти воситаларидан фойдаланишлари мумкин. Тез ва эркин ҳаракатланишни истаганлар учун таксилар қулай танлов бўлса, аэропортдан қатновчи махсус хизматлар шаҳарнинг асосий нуқталарига бевосита ва ишончли етиб боришни таъминлайди.
