Google Play ҳам App Store ортидан Max ва VK иловаларини ўчирди
Россия давлат мессенжери Max ва VK иловалари Google Play’дан олиб ташланди.
Google Play иловалар дўкони Россиянинг давлат мессенжери Max («Макс») ҳамда ВКонтакте (VK) ижтимоий тармоғи иловасини ўчирди. Бу ҳақда VK компанияси маълум қилди. Шу билан бирга, аввалдан ўрнатилган иловалар ва сервислар ҳеч қандай чекловсиз ишлашда давом этмоқда.
VK маълум қилишича, мазкур иловаларни RuStore, Huawei AppGallery, Samsung Galaxy Store, Xiaomi GetApps ва Android учун бошқа иловалар дўконлари орқали ўрнатиш мумкин.
Шунингдек, Google Play’дан Россиянинг «Одноклассники» ижтимоий тармоғи ва Mail.ru электрон почта хизмати иловалари ҳам йўқолди. Уларни қидиришга уринилганда «Илова мавжуд эмас» деган хабар чиқмоқда.
Июн ойи бошида Max мессенжери App Store’дан ҳам олиб ташланган эди. Apple бу қарорни халқаро санкциялар тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя қилиш билан изоҳлаган.
Кремль эса мазкур қарордан сўнг App Store’нинг ишончлилиги ва унинг тижорат хизматлари етказиб берувчиси сифатида қай даражада ишончга лойиқ экани ҳақида саволлар туғилишини билдирган.
13 июль куни Европа Иттифоқи VK холдинги ва унинг таркибига кирувчи, Max мессенжерини ишлаб чиққан «Коммуникационная платформа» компаниясига қарши санкциялар жорий этди.
Европа Иттифоқи Кенгаши баёнотига кўра, ушбу компаниялар Россияда фуқаролик жамияти ва демократик мухолифатни бостиришга техник ёрдам кўрсатади.
Баёнотда таъкидланишича, Max мессенжери кенг кўламли кузатув имкониятларига эга бўлиб, бошқа иловалар ҳақида маълумот тўплаши, фойдаланувчилар контактларини назорат қилиши, уларнинг жойлашувини аниқлаши ва автоном янгиланишларни ўрнатиши мумкин.
Шунингдек, Европа Иттифоқи Кенгаши Max Россия Федерал хавфсизлик хизмати (ФСБ) назорати остида яратилганини, уни давлат миқёсида жорий этиш эса мустақил иловаларни блоклаш, VPN хизматларини чеклаш ва репрессив чоралар билан бирга олиб борилганини маълум қилди.
