Россия судланган чет элликлар учун фуқаролик эшигини ёпди

Россия судланган чет элликлар учун фуқаролик эшигини ёпди

Россия Давлат думаси Россия ҳудудида ёки бошқа давлатларда судланган чет эл фуқароларига Россия фуқаролигини беришни тақиқловчи қонунни қабул қилди.

 

Қонунга кўра, жиноятнинг оғир-енгиллигидан қатъи назар, судланганлик вақтинчалик яшаш рухсатномаси (РВП) ва яшаш гувоҳномаси (ВНЖ) беришни рад этиш учун ҳам асос бўлади.

 

Шунингдек, 14 ёшга тўлган мигрантлар Россия Ички ишлар вазирлигининг ҳудудий органларига судланмаганлик тўғрисидаги маълумотномани тақдим этиши шарт. Ушбу ҳужжат ариза топширилишидан кўпи билан уч ой олдин фуқароси бўлган давлат томонидан берилган бўлиши керак. Судланган шахслар эса бу ҳолатни тасдиқловчи тегишли ҳужжатни тақдим этади.

 

Мазкур талаблар қуйидаги тоифадаги чет эл фуқароларига татбиқ этилмайди:

 

14 ёшга тўлмаганлар;

қочқин мақомини олган ёки сиёсий ёхуд вақтинчалик бошпана берилган шахслар;

Россия Қуролли кучларида шартнома асосида хизмат қилаётган ёки унинг таркибида жанговар ҳаракатларда қатнашганлар;

судланмаганлик тўғрисидаги маълумотномани аввалроқ тақдим этган шахслар.

Қонун талаблари фуқаролиги бўлмаган шахсларга ҳам татбиқ этилади.

 

Украина фуқаролари учун эса ўтиш даври белгиланган бўлиб, улар икки йил давомида судланмаганлик тўғрисидаги маълумотномани тақдим этмаслиги мумкин.

Дўстларингизга ҳам юборинг: