Интерпол қидирувидаги уч нафар шахс Ўзбекистонга қайтарилди
Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси Туркия ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари ва Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси билан ҳамкорликда халқаро қидирувда бўлган уч нафар шахсни Ўзбекистонга экстрадиция қилди.
Маълум қилинишича, Истанбул шаҳрида ўтказилган тезкор-қидирув тадбирлари давомида қидирувдаги шахсларнинг турган жойи аниқланиб, улар қўлга олинган.
Қўлга олинганлар орасида самарқанд вилоятилик 28 ёшли шахс – жинсий зўравонлик билан боғлиқ оғир жиноятда, бухоролик 34 ёшли шахс – фирибгарликда ва тошкентлик 50 ёшли шахс – йирик миқдордаги фирибгарликда айбланиб халқаро қидирувга берилган.
Экстрадиция қилинган шахслар Ўзбекистонга олиб келиниб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга топширилди.
Интерполнинг Ўзбекистондаги Миллий марказий бюроси трансмиллий жиноятчиликка қарши курашиш ва қидирувдаги шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича халқаро ҳамкорлик изчил давом этаётганини таъкидлади.
