Ҳусийлар Саудия нефт танкерларига ҳужум қилди

Ҳусийлар Саудия нефт танкерларига ҳужум қилди

Ямандаги «Ансор Аллоҳ» (Ҳусийлар) ҳаракати Қизил денгизда Саудия Арабистонига тегишли икки нефт танкерига ҳужум қилганини маълум қилди. Бу ҳужум ҳаракат Саудияга қарши денгиз блокадаси эълон қилганидан кейинги илк шундай операция сифатида баҳоланмоқда.

Ҳусийлар вакили Яҳё Сарианинг айтишича, ҳужум баллистик ва қанотли ракеталар, шунингдек, дронлар ёрдамида амалга оширилган. Унинг сўзларига кўра, зарбалар натижасида танкерларда йирик ёнғинлар келиб чиққан ва камида ўнта кема ўз йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлган.

Бироқ Саудиянинг Asharq Al-Awsat нашри манбалари фақат битта танкерга ҳужум уриниши бўлганини тасдиқлаб, экипаж хавфсиз эканини маълум қилди.

Ҳусийлар Саудияга қарши «блокадага жавобан блокада» тамойили асосида денгиз операцияларини давом эттиришини билдирди. Улар Саудия томонидан Яманга қарши ҳар қандай ҳаракат кенг кўламли жавоб операцияларига сабаб бўлишидан огоҳлантирди.

Маълум қилинишича, ҳусийлар Яман соҳиллари ва Боб ал-Мандаб бўғози атрофидаги ҳудудларга ракета мажмуалари, дронлар, портловчи моддалар ўрнатилган қайиқлар ҳамда бошқа ҳарбий техникаларни жойлаштирмоқда.

АҚШ давлат котиби Марко Рубио вазиятнинг кескинлашувида ҳусийларни айблаб, Вашингтон Саудия Арабистони билан доимий алоқада эканини ва можарони дипломатик йўл билан юмшатишга умид қилаётганини айтди.

Таҳлилчиларнинг фикрича, ҳужумлар Саудия нефт экспорти инфратузилмасига ҳам таъсир кўрсатса, бу жаҳон нефть бозорида таъминот занжирларининг издан чиқиши ва нархларнинг ошишига олиб келиши мумкин.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: