АҚШ виза олиш учун гаров тўлаш дастурини доимий шаклга ўтказиб, унинг миқдорини 20 минг долларгача оширади

АҚШ виза олиш учун гаров тўлаш дастурини доимий шаклга ўтказиб, унинг миқдорини 20 минг долларгача оширади

Қўшма Штатлар 3 августдан айрим давлатлар фуқароларига туристик ва бизнес визалари беришда 20 минг долларгача гаров талаб қилиш тартибини доимий шаклда жорий этади. Бу ҳақда Реутерс АҚШ Давлат департаментининг янгиланган қоидасига таяниб хабар берди.

«Янги тартиб бизнес ва туризм сафарлари учун бериладиган Б-1 ва Б-2 визаларига нисбатан қўлланади. Консуллик ходими аризачига виза бериш шарти сифатида 20 минг долларгача гаров тўлаш мажбуриятини белгилаши мумкин. Бу масала ҳар бир ариза бўйича консуллик ходимининг қарори асосида ҳал этилади», дейилади хабарда.

Таъкидланишича, ушбу гаров виза учун йиғим ҳисобланмайди. Виза эгаси АҚШда унга рухсат этилган муддатдан ортиқ қолмаса ва белгиланган тартибда мамлакатни тарк этса, пул қайтарилади. Қоидалар бузилган тақдирда эса гаров давлат фойдасига ўтказилиши мумкин.

АҚШ мазкур дастурни 2025 йил август ойида 12 ойлик синов тариқасида жорий этганди. Дастлаб консулликлар аризачилардан 5 минг, 10 минг ёки 15 минг доллар миқдорида гаров талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлган. Доимий тартибда эса энг юқори миқдор 20 минг долларгача оширилди, 5 минг долларлик энг паст тоифа бекор қилинди.

Дастур 50 та давлат фуқароларига тааллуқли. Уларнинг 30 таси Африка давлатлари бўлиб, Марказий Осиёдан Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистон рўйхатга киритилган. Ўзбекистон мазкур рўйхатда йўқ. Давлат департаменти рўйхатни кейинчалик кенгайтириш ҳуқуқини сақлаб қолган.

Дўстларингизга ҳам юборинг: