Янги археологик топилмалар Троя тарихига ойдинлик киритмоқда

Янги археологик топилмалар Троя тарихига ойдинлик киритмоқда

default

Ҳозирда Гомернинг боқий эпоси асосида суратга олинган “Одиссея”нинг янги экран талқини дунё кинотеатрларида катта қизиқиш уйғотмоқда. “Илиада” ва “Одиссея” достонларида тасвирланган Троя нафақат афсоналарда, балки тарихда ҳам муҳим ўрин тутган қадимий шаҳардир. Туркиянинг Чанаккале вилоятида жойлашган ушбу маскан беш минг йилдан ортиқ тарихни ўз бағрида сақлаб келмоқда.

Бугунги кунда Туркия Маданият ва туризм вазирлиги раҳбарлигида давом этаётган археологик қазилмалар Троя тарихининг янги қирраларини очиб бермоқда. 2026 йилги қазилма мавсуми доирасида археолог ва тадқиқотчилар Троя ҳамда афсонавий Троя урушига оид янги далилларни аниқлаш устида изчил иш олиб бормоқда. Асрлар давомида тупроқ қаърида қолиб кетган кўплаб топилмалар қадимий шаҳар ўтмишини янада чуқурроқ англаш имконини бермоқда.

Янги қазилмалар Троя урушига оид изларни очиб бермоқда

Троя ҳудудида олиб борилаётган навбатдаги археологик қазилмалар давомида Рим даврига оид Қуйи шаҳар қисмида устунли кўчалар ва қадимий савдо расталари қолдиқлари топилди. Ушбу топилмалар ўша даврдаги шаҳар ҳаёти ва савдо фаолияти ҳақида янги маълумотлар тақдим қилмоқда. Шу билан бирга, тадқиқотчилар Троя VI–VII маданий қатламларидаги Жанубий дарвоза атрофида афсонавий Троя уруши билан боғлиқ вайронагарчилик изларини ўрганмоқда. Қазилмалар Троя қалъаси ҳудудида ҳам давом этиб, Бронза даври сарой мажмуаларига оид янги топилмаларни аниқлашга қаратилган.

Ҳар бир янги топилма Троя тарихининг илгари номаълум бўлган саҳифаларини очиб бермоқда. Шу боис қадимий шаҳар тарих ва мифология ихлосмандлари учун ҳануз муҳим тадқиқот ҳамда саёҳат манзилларидан бири бўлиб қолмоқда.

5 минг йиллик тарихни ўзида мужассам этган ўн маданий қатлам

Троя дунёдаги энг ноёб археологик ёдгорликлардан биридир. Қадимий шаҳар, аввало, Троя уруши ҳақидаги афсоналари билан машҳур. Шунингдек, ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган ушбу маскан илк бронза давридан Шарқий Рим (Византия) давригача бўлган беш минг йилдан ортиқ тарихни ўзида мужассам этади. Шаҳар ҳудудида аниқланган ўнта тарихий-маданий қатлам эса турли даврлардаги ҳаёт ва тараққиёт жараёнини изчил кузатиш имконини беради.

Троя VI даврига оид маҳобатли мудофаа деворларидан тортиб, Рим давридаги шаҳар ҳаёти изларигача бўлган археологик топилмалар тарихни вақт қатламлари бўйлаб ҳис этиш имконини беради.

Троя тарих давомида, аввало, ўзининг қулай географик жойлашуви билан алоҳида аҳамият касб этган. Шаҳар Европа ва Осиё, шунингдек, Эгей ҳамда Қора денгиз оралиғидаги стратегик чорраҳада жойлашгани боис асрлар давомида узлуксиз аҳоли истиқомат қиладиган маскан бўлиб келган. Дарданелл бўғозидаги шамоллар ва денгиз оқимлари кемалар учун хавфсиз қўналгоҳ яратган, натижада Троя савдо ва маданий алмашинувнинг муҳим марказларидан бирига айланган.

Афсона ва тарих туташган маскан

Троя каби улкан тарихий аҳамиятга эга шаҳар Гомер ва Вергилий сингари буюк шоирлар ижодида абадийлаштирилгани бежиз эмас. Уларнинг достонлари Троя номини оддий тарихий шаҳар мақомидан юксалтириб, жаҳон маданий меросининг ажралмас қисмига айлантирди. Гомернинг “Илиада” достони қаҳрамонлик тимсоли сифатида эътироф этилган бўлса, Вергилийнинг “Энеида”асарида Троя Рим цивилизациясининг афсонавий ибтидоси сифатида тасвирланади. Асарга кўра, шаҳар қулагач, шаҳзода Эней “Янги Троя” ни барпо этиш мақсадида узоқ сафарга отланади ва ниҳоят Латсийга етиб боради. Милоддан аввалги 753 йилда унинг авлодлари айнан шу ерда Рим шаҳрига асос солган, деган ривоят мавжуд.

Археологик тадқиқотларга кўра, милоддан аввалги XIII аср атрофида ёнғин натижасида вайрон бўлган Троя VII маданий қатлами кўпинча “Илиада”да тилга олинган шоҳ Приам ҳукмронлик қилган шаҳар билан боғланади. Қазилмалар давомида аниқланган топилмалар Троянинг ўша даврда юксак тараққий этган ва бой шаҳар бўлганини тасдиқлайди. Айни пайтда тадқиқотчилар Гомер эпосида тасвирланган воқеалар билан Троя тарихий ҳақиқатини янада аниқроқ боғлаш устида изланишларни давом эттирмоқда.

Сўнгги йилларда топилган хетт ёзма манбалари ҳамда лувий муҳри Троянинг Онадўли цивилизациясининг ажралмас қисми бўлганини тасдиқлади. Шу тариқа қадимий шаҳар нафақат Гомер достонларининг тимсоли, балки чуқур тарихий илдизларга эга ва жаҳон цивилизацияси ривожига таъсир кўрсатган Онадўли марказларидан бири сифатида ҳам эътироф этилмоқда.

Троя музейи: Троя тарихи бўйлаб саёҳат

Қадимий Троя шаҳри кириш қисмида жойлашган Троя музейи замонавий экспозиция ва ҳикоячилик усуллари орқали Троя тарихини жонлантиради. Музей экспозицияси етти мавзу асосида ташкил этилган бўлиб, унда Троя қазилмаларидан топилган турли археологик ашёлар намойиш этилади. Қабр тошлари, йирик ҳайкаллар, ноёб топилмалар ва бой фотожамланмалар музейни Троянинг тарихини ёритувчи муҳим илмий ва маданий марказга айлантирган.

Троя ва унинг музейи ҳақида сўз борганда, айни пайтда Италияда давом этаётган йирик кўргазмани ҳам алоҳида таъкидлаш лозим. 2026 йил 12-июндан 18-октабргача Римдаги Колизей археологик боғида “Троя ва Рим: Қадимги Ўрта ер денгизи афсоналари, ривоятлари ва тарихлари” номли халқаро кўргазма ўтказилмоқда. Унда 300 дан ортиқ экспонат, жумладан, Туркиянинг 19 музейидан олиб келинган 220 дан ортиқ археологик топилма намойиш этилмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: