Ливан жанубида икки нафар Исроил ҳарбийси ҳалок бўлди

Ливан жанубида икки нафар Исроил ҳарбийси ҳалок бўлди

Исроил армияси жанубий Ливанда юз берган портлаш оқибатида икки нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлганини маълум қилди.

Ҳарбийлар маълумотига кўра, ҳодиса Маждал-Зун шаҳридаги бинога кириш вақтида содир бўлган.

Ҳалок бўлганлар — 34 ёшли майор Харель Биренсток ва 33 ёшли штаб-сержант Тамир Вакнин. Иккаласи ҳам 55-парашют бригадасида захира офицерлари сифатида хизмат қилган. Яна тўрт нафар ҳарбий оғир жароҳат олиб, шифохонага етказилган.

Портлашдан сўнг Исроил армияси мазкур ҳудудга ҳаво зарбасини берди. Ҳарбийлар баёнотига кўра, ушбу ҳудуд «Ҳизбуллоҳ» назорати остида бўлган.

Ҳодиса Ливан ва Исроил ўртасида АҚШ воситачилигида Рим шаҳрида ўтаётган билвосита музокараларнинг иккинчи кунида содир бўлди. Музокаралар пайшанба кунига қадар давом этиши кутилмоқда.

Мулоқотлар 26 июнь куни Байрут ва Тель-Авив ўртасида имзоланган «рамкавий келишув» доирасида олиб борилмоқда. Ҳужжатга кўра, Исроил қўшинлари босиб олинган Ливан ҳудудларидан босқичма-босқич чиқарилади, эвазига Ливан армияси ушбу ҳудудларга жойлаштирилади ва қуролли гуруҳлар қуролсизлантирилади.

Ливан Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, 2 мартдан буён Исроилнинг ҳарбий амалиётлари оқибатида мамлакатда 4 333 киши ҳалок бўлган, яна 12 250 киши жароҳат олган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: