Украинанинг Татаристонга ҳужумида 13 киши ҳалок бўлди, улардан 7 нафари Ўзбекистон фуқаролари
Украина дронлари 10 август тонгида Татаристоннинг Нижнекамск шаҳрига ҳужум қилди. Татаристон раҳбари Рустам Минниханов ҳужум оқибатида 13 киши ҳалок бўлганини билдирди ва республикада мотам эълон қилди.
Маҳаллий расмийларга кўра, жами 75 киши тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган, шундан 21 киши шифохонага ётқизилган.
Оммавий ахборот воситалари қурбонлар орасида Ўзбекистон ва Тожикистон фуқаролари ҳам борлиги ҳақида хабар берганди.
Орадан кўп ўтмай Ўзбекистон Республикасининг Қозон шаҳридаги бош консулхонаси қурбонлардан 7 нафари ўзбекистонликлар эканини маълум қилди.
Ҳозирда жабрланган ўнлаб кишилар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам борлиги бўйича маълумот берилмади. Шунингдек, Ўзбекистон фуқаролари айнан қаерда ва қандай ҳолатда ҳалок бўлганига аниқлик киритилмаган.
Маҳаллий оммавий ахборот воситаларига кўра, 10 август тонгида Нижнекамск шаҳридаги бир неча саноат корхоналари ҳужумга учраган. Хусусан, Нижнекамскдаги нефтни қайта ишлаш заводида ёнғин чиққани акс этган кадрлар тарқалган. Бундан ташқари, “Нижнекамскнефтехим” нефт-кимё комплексига ҳужум қилингани ҳақида хабарлар ҳам бор, ушбу корхонани ўз ичига олган саноат зонасида “Татнефт” нефтни қайта ишлаш заводи ҳамда “ТАИФ-НК” нефтни қайта ишлаш комплекси ҳам жойлашган.
