Колумбияда 7,4 магнитудали кучли зилзила содир бўлди

Колумбияда 7,4 магнитудали кучли зилзила содир бўлди

Колумбиянинг ғарбий қисмида магнитудаси 7,4 баллга тенг бўлган кучли зилзила қайд этилди. АҚШ ва Колумбия геология хизматларининг маълумотларига кўра, ер силкиниши маҳаллий вақт билан соат 07:34 да юз берган. Зилзила ўчоғи Чоко департаментидаги Сан-Хосе-дель-Пальмар шаҳарчасидан 5 километр шарқда, 107 километр чуқурликда жойлашган.

Ер ости силкинишлари Колумбиянинг катта қисмида, жумладан, пойтахт Богота, Медельин ва Кали шаҳарларида жуда кучли сезилган. Шаҳарларда хавфлилик сигнали чалиниб, аҳоли ва офислар ходимлари зудлик билан кўчага эвакуация қилинган. Богота мэри Карлос Галаннинг маълум қилишича, пойтахтда жиддий вайронгарчиликлар кузатилмаган, фақат айрим биноларда ёриқлар пайдо бўлган. Бироқ Чоко департаменти губернатори Нубия Кордоба ҳудуд маркази Кибдо шаҳрида жароҳатланганлар борлиги ва биноларга сезиларли зарар етганини фавқулодда маълум қилди.

Мазкур табиий офат қўшни давлатлар — Эквадор, Венесуэла ва Панамада ҳам фаол сезилган бўлиб, ушбу мамлакатлар чегара ҳудудларида аҳолининг уйларини тарк этишига сабаб бўлган. Мутахассисларнинг таъкидлашича, зилзила анча чуқурликда содир бўлгани туфайли янада кенгроқ ҳудудга таъсир қилган. Ҳозирда қутқарув хизматлари ва маҳаллий ҳокимият органлари талофатлар кўламини аниқлаштирмоқда.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: