Нетаняху АҚШдаги яҳудийларни Исроилда яшашга таклиф қилди

Нетаняху АҚШдаги яҳудийларни Исроилда яшашга таклиф қилди

Исроил Бош вазири Беньямин Нетаняху АҚШдаги яҳудий жамоаси вакилларини Исроилга кўчиб ўтишга ва бу ерда яшашга чақирди.

Яқинда тарқалган видеомурожаатда Нетаняхуга «АҚШнинг Бостон шаҳридаги яҳудийларнинг келажаги нима бўлади?» деган савол берилган. Бош вазир ушбу саволга қисқа ва лўнда қилиб, Исроил эшиклари барча учун очиқ эканлигини маълум қилган.

«Бу ерга (Исроилга) ҳамма келиши мумкин. Барчани бу ерга келишга таклиф қиламан. Ким хоҳласа, бу ерга келиш имкониятига эга», деди Нетаняху.

Сўнгги йилларда АҚШ университетлари ва йирик шаҳарларида кузатилаётган аксилсемитизм намойишлари ва кескинликлар фонида америкалик яҳудийлар ўртасида ўз келажагидан хавотирланиш кайфияти кучайган. Исроил раҳбарияти эса дунёнинг турли нуқталаридаги яҳудий жамоалари учун Исроил давлати ягона хавфсиз бошпана ва тарихий ватан бўлиб қолишини мунтазам равишда таъкидлаб келади.

Нетаняху бундан аввал ҳам Европада содир бўлган терактлар ва хавфсизлик инқирозларидан кейин маҳаллий яҳудийларни оммавий равишда Исроилга кўчиб ўтишга чақирган эди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: