Зейтуллаев: «Ўзбекистон Россия билан тенгма-тенг ўйнай олади»

Зейтуллаев: «Ўзбекистон Россия билан тенгма-тенг ўйнай олади»

Ўзбекистон миллий жамоасининг собиқ футболчиси Ильяс Зейтуллаев Россия ва Ўзбекистон терма жамоалари ўртасида кузда ўтказилиши мумкин бўлган ўртоқлик учрашуви ҳақида ўз фикрларини билдирди.

«Евро-Футбол.Ру» нашрига интервью берган собиқ футболчи Россия миллий жамоасини Ўзбекистон учун жиддий рақиб сифатида баҳолади.

Зейтуллаевнинг таъкидлашича, Россия халқаро мусобақаларда қатнашмаётган бўлса ҳам, унинг салоҳиятини паст баҳолаб бўлмайди.

«Россия терма жамоаси ҳар доим кучли рақиб бўлиб келган. Ўзбекистон учун бундай жамоага қарши ўйин жуда яхши синов бўлади. Санкциялар туфайли улар халқаро турнирларда иштирок этмаяпти, аммо таркиб ва савия жиҳатидан ҳали ҳам юқори даражадаги терма жамоалардан бири. Сўнгги йилларда уларга ўйин амалиёти етишмаётган бўлиши мумкин, лекин Россияни ҳеч қачон ҳисобдан чиқариб бўлмайди», — деди у.

Собиқ футболчи эҳтимолий учрашувда Ўзбекистонни аниқ фаворит деб ҳисобламаслигини ҳам қайд этди. Шу билан бирга, у миллий жамоанинг сўнгги йилларда сезиларли ўсганига эътибор қаратди.

«Менимча, Ўзбекистон фаворит бўлмайди. Аммо сўнгги ўзаро ўйиндан кейин жамоамиз анча кучайди. Жаҳон чемпионатида иштирок этиш ҳам футболчиларга катта тажриба берди. Шу боис Россия билан тенгма-тенг кураша оламиз. Қизиқарли ўйин бўлиши мумкин», — деди Зейтуллаев.

Аввалроқ Ўзбекистон ва Россия миллий жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви 25 сентябрь куни Нижний Новгород шаҳрида ташкил этилиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: