Йил бошидан Ўзбекистонга 8 миллион хорижлик сайёҳ келди
Йил бошидан бошлаб Ўзбекистонга 8 миллион хорижлик сайёҳ ташриф буюрди, уларнинг мамлакатда қолиш муддати 8 кунгача узайган. Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев Хоразм вилоятида тадбиркорлар билан бўлиб ўтган учрашувда маълум қилди.
Унда давлат раҳбари туризм ислоҳотлари аҳоли даромадида янада кўпроқ сезилиши кераклигини таъкидлади.
“Меҳмонхона қуриш, реконструкция қилиш ва жиҳозлаш учун 50 миллион доллар ресурс ажратилади. Тадбиркорларга 10 йил муддатга миллий валютада 16 фоизли кредит берилади.
Уч, тўрт ва беш юлдузли меҳмонхона қуриш учун субсидия бериш муддати яна икки йилга узайтирилади. Субсидия учун меҳмонхона “юлдузи”ни тасдиқлашда хорижий компания хулосасини талаб қилиш амалиёти бекор қилинади”, деди Мирзиёев.
Шу сабабли меҳмонхоналар учун ер ва мулк солиғини 10 баробар кам ставкада тўлаш имтиёзи 2030-йилгача узайтирилиши, 50 тадан кўп жойлаштирув ўрнига эга меҳмонхоналарга нақд валюта қабул қиладиган банкоматларни банкларнинг ўзи ўрнатиб бериши кераклиги айтилди.
“Туроператорларнинг хорижлик туристларга кўрсатган хизмати экспортга тенглаштирилиб, қўшилган қиймат солиғидан озод қилинади.
Туристик автобус, электробус ва микроавтобуслар олиб келишдаги божхона имтиёзи яна бир йилга узайтирилади. Бундай транспорт воситалари учун утилизация йиғими ҳам ундирилмайди”, деди президент.
