Россиянинг олтин захиралари 2020 йилдан бери энг паст даражага тушди
Йил бошидан бери олтин захиралари ҳажми қарийб 1,6 миллион унцияга, яъни деярли 50 тоннага камайди.
Россиянинг олтин захиралари июль охирига келиб 73,2 миллион унциягача қисқарди. Бу 2020 йил январидан бери қайд этилган энг паст кўрсаткичдир. Бу ҳақда Россия Марказий банки маълумотлари далолат бермоқда.
Йил бошида олтин захиралари ҳажми қарийб 74,8 миллион унцияни ташкил этган. Шу тариқа, етти ой давомида захиралар тахминан 1,6 миллион унцияга ёки 2,1 фоизга камайган.
Захираларнинг қисқариши Россия давлат бюджети тақчиллиги ортиб бораётган бир пайтга тўғри келмоқда. Россия Молия вазирлиги маълумотларига кўра, январь–июль ойларида бюджет тақчиллиги 6,5 триллион рублга — тахминан 79 миллиард долларга етган. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 32,3 фоиз кўп.
Сўнгги йилларда Россия бюджети харажатлари сезиларли даражада ошди. Бу, хусусан, мудофаа саноатига ажратиладиган маблағларнинг кўпайиши билан боғлиқ.
Таҳлилчилар олтин сотилиши ўсиб бораётган бюджет тақчиллигини қоплаш учун ишлатилаётган бўлиши мумкинлигини истисно қилмаяпти.
