TikTok болаларнинг шахсий маълумотларини тўплагани учун АҚШга 400 млн доллар тўлайди

TikTok болаларнинг шахсий маълумотларини тўплагани учун АҚШга 400 млн доллар тўлайди

Хитойнинг TikTok платформаси 13 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларнинг шахсий маълумотлари дахлсизлигини бузиш билан боғлиқ даъвони тартибга солиш учун АҚШ ҳукуматига 400 миллион доллар тўлашга рози бўлди. Бу тарихдаги шу каби энг йирик келишувлардан биридир.

Даъво аризаси АҚШ Адлия вазирлиги томонидан 2024 йилда, президент Жо Байден даврида киритилган эди, деб хабар берди BBC. Идора TikTok ва унинг бош компанияси ByteDance’ни 2000 йилда қабул қилинган “Болаларнинг интернетдаги шахсий маълумотлари дахлсизлигини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги федерал қонунни (COPPA) бузган ҳолда, миллионлаб вояга етмаган фойдаланувчилар ҳақида “жуда катта ҳажмдаги маълумотлар”ни йиғишда айблаган. Айни шу қонун асосида ҳозирда ўнлаб штатлар Meta’га қарши ҳам даъво қилмоқда.

Келишув шартларига кўра, TikTok ва ByteDance Адлия вазирлигига зудлик билан 300 млн доллар, Федерал савдо комиссияси билан 2019 йилда тузилган келишув битими бекор қилингач, яна 100 млн доллар тўлайди.

Адлия вазирлигининг қайд этишича, даъво аризаси киритилганидан буён TikTok компаниясининг мулкчилик тузилмаси, махфийлик сиёсати ва ёш фойдаланувчилар учун назорат воситаларида “жиддий ўзгаришлар юз берган”. Даъво пайтида платформадан 170 миллиондан ортиқ ўсмир фойдаланган ва ҳуқуқшуносларнинг таъкидлашича, сервис “болаларга мўлжалланган” бўлса-да, фойдаланувчиларнинг ёшини текширмаган ҳамда ота-оналарнинг розилигини олмаган.

Аввалроқ COPPA қонунини бузганлик учун YouTube (2019 йилда 170 млн доллар) ва Epic Games (2022 йилда 275 млн доллар) ҳам жарима тўлаган эди. Meta’га эса юзлаб миллиард доллардан ошиши мумкин бўлган жарималар хавф солмоқда — шу ҳафта 29 та штатнинг даъвоси бўйича маслаҳатчи ҳакамлар суди бошланди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: