АҚШ БМТ олдидаги қарзидан 725 миллион доллар ажратишни режалаштирмоқда

АҚШ БМТ олдидаги қарзидан 725 миллион доллар ажратишни режалаштирмоқда

Трамп маъмурияти БМТга 725 миллион доллар тўлаши борасида АҚШ Конгрессини хабардор қилди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

Экспертлар буни Вашингтоннинг халқаро ташкилот олдидаги миллиардлаб долларлик қарзларини ёпиш йўлидаги ижобий саъй-ҳаракат сифатида баҳоламоқда. Трамп маъмурияти БМТни танқид қилиб, унинг кўплаб агентликларини молиялаштиришни қисқартирганди.

АҚШ расмийсининг таъкидлашича, ажратиладиган ҳар қандай маблағ ташкилотдаги ислоҳотларнинг давом этишига боғлиқ. Президент Доналд Трамп келаси ой Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясида нутқ сўзлайди. 725 миллион доллар айнан шу тадбир олдидан ажратилмоқда. Бироқ Вашингтон ҳали ҳеч қандай маблағ ўтказмаган.

БМТ бош котиби Антониу Гутерриш жорий йилда аъзо давлатларнинг тўланмаган бадаллари туфайли ташкилот “яқинлашиб келаётган молиявий инқироз”га дуч келганини айтганди. Апрел ойида Девех медиа платформаси АҚШ маблағларни ажратиш учун харажатларни янада қисқартириш ва Хитойнинг таъсирига қарши курашиш каби аниқ шартлар қўйганини хабар қилганди.

725 миллион доллар БМТ АҚШга тегишли деб маълум қилган 4 миллиард доллардан ортиқ қарздорликнинг 20 фоизидан ҳам камроғини ташкил этади. АҚШ БМТ бюджетига энг катта ҳисса қўшувчи давлат ҳисобланади. Бироқ Трамп маъмурияти мажбурий тўловларни амалга оширишдан бош тортган. Шунингдек, ўз бюджетига эга бўлган БМТ агентликларини ихтиёрий молиялаштиришни ҳам қисқартирган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: