Patriot’ларни Украинага ўтказиш НАТО учун устувор масала,- Столтенберг
Американинг Patriot ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимларини Украинага топшириш масаласи ҳозирда НАТО учун устувор масала, деди Альянс бош котиби Йенс Столтенберг.
«Бизнинг устувор вазифамиз – Patriot’ни топшириш», деди у Киевга ташрифи чоғида президент Зеленский билан бўлган брифингда.
НАТО Бош котиби Украинага нафақат Patriot, балки бошқа тизимлар, масалан, NASAMS ҳам кераклигини таъкидлади. «Қатламли ҳаво мудофаа тизими талаб қилинади», деди Столтенберг.
Президент Зеленский, ўз навбатида, ғарблик ҳамкорлардан Patriot тизимлари учун ракеталарни етказиб бериш жараёнида ҳеч қандай кечикишлар бўлмаслигига кафолат олганини айтди.
«Patriot’ларга берилган ракеталар сонига келсак, биз ҳақиқатан ҳам бу борада ижобий нарсаларни кутмоқдамиз. Худога шукурки, Украина-НАТО кенгаши йиғилиши чақирилгандан сўнг биз [Patriot ракеталарини етказиб бериш] жараёнида ҳеч қандай кечикишлар бўлмаслигига ишонч ҳосил қилдик», — деди Зеленский.
Украинага қўшимча Patriot тизимларини етказиб бериш борасида Зеленский «ҳамкорлардан кутаётган аниқ маълумотлар ҳозирча йўқ», деди. «Биринчи қадамлар бор», дея қўшимча қилди у.