ССВ: Дам олиш ва байрам кунларида тиббиёт муассасалари узлуксиз ишлайди
Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати маълум қилди.
Юртдошларимиз мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллигини кўтаринки руҳда қарши олмоқда. Шу муносабат билан 5 кунлик иш ҳафтасидаги ходимлар 4 кун, ҳафтасига 6 кун ишлайдиганлар кетма-кет 3 кун дам олади.
Хўш, бу саналарда мамлакатимиз тиббиёт муассасалари қай тартибда ишлайди?
Аҳоли саломатлигини асраш, хусусан, байрам ва дам олиш кунларида тиббиёт муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлигида алоҳида штаб ташкил этилди.
Шунингдек, 29 август – 1 сентябрь кунлари мамлакатимиздаги туман (шаҳар), вилоят ва республика миқёсидаги барча шифохоналар, ихтисослаштирилган тиббиёт марказлари ҳамда тиббиёт олий ўқув юртлари клиникалари ҳамда ҳудудлардаги 39 та туманлараро қўшма шикастланиш ва ўткир қон-томир касалликлари марказларида тиббиёт тизими ходимлари қонунда белгиланган тартибда, навбатчилик асосида аҳолига тиббий хизмат кўрсатади.
Ўз навбатида, дам олиш ва байрам кунлари Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази ва унинг ҳудудлардаги 13 та филиали ҳамда 200 га яқин аҳоли пунктида жойлашган шошилинч тиббий ёрдам бўлимларида ҳам 24 соат давомида навбатчи шифокор ва ҳамширалар фаолият юритади.
29 август – 1 сентябрь саналарида «103» хизмати ҳам одатий иш фаолиятини давом эттиради. Хусусан, Республика тез тиббий ёрдам марказининг мамлакатимиз бўйлаб 14 та ҳудудий филиали, 189 та станция, 40 та подстанция ва 1 492 та таянч пунктида 2 900 дан зиёд тиббий ёрдам бригадаси аҳоли ҳамда юртимиз меҳмонларидан келиб тушадиган чақирувлар учун доимий шай ҳолда бўлади.
Бундан ташқари, байрам кунлари мамлакатимиздаги барча туғуруқ ва болалар даволаш муассасалари ҳам узлуксиз иш олиб боради.
ССВ Матбуот хизмати.
