АҚШ Эронга чекланган ҳарбий зарбалар режасини тайёрлади

АҚШ Эронга чекланган ҳарбий зарбалар режасини тайёрлади

АҚШ президенти Дональд Трамп Эронга қарши чекланган ҳарбий зарбалар бериш имкониятини кўриб чиқмоқда.

Axios нашрининг уч нафар америкалик мансабдорга таяниб хабар беришича, эҳтимолий операциядан мақсад Теҳроннинг Ҳўрмуз бўғозида кемаларга ҳужум қилиш учун зарур бўлган радар ва ракета салоҳиятини қайта тиклашига йўл қўймасликдан иборат.

Маълумотларга кўра, мазкур режа АҚШ Қуролли кучлари Марказий қўмондонлиги — CENTCOM томонидан ишлаб чиқилган. Уни Пентагон раҳбари Пит Хегсет ҳам қўллаб-қувватлаган.

Аввалроқ Оқ уй Эрон билан зиддият янада кескинлашиб кетишининг олдини олиш мақсадида янги зарбалардан воз кечишга мойил бўлган.

Бироқ сўнгги кунларда Эрон томонидан Иорданиядаги АҚШ ҳарбий объектларига ракеталар учирилиши Вашингтоннинг позициясига таъсир қилиши мумкин.

Axios маълумотига кўра, Трамп ҳали якуний қарор қабул қилмаган. Шу билан бирга, режа Эроннинг Ҳўрмуз бўғозидаги ҳарбий имкониятларини қайта тиклашини чеклашга қаратилган чекланган ва мақсадли зарбаларни назарда тутади.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: