Россия ўз ҳудудидаги Гёте институтларини ёпади

Россия ўз ҳудудидаги Гёте институтларини ёпади

Германияда Россия маданий марказининг фаолияти тўхтатилганидан кейин Москва ҳам жавоб чораларини кўради.

«Албатта, улар ёпилади. Акс ҳолда ўзимизни ҳурмат қилмаган бўламиз», – деди Россия ТИВ раҳбари Лавров Владивостокдаги Шарқий иқтисодий форумда.

Гёте институти маълумотларига кўра, Россияда ташкилотнинг Москвадаги бош қароргоҳи, шунингдек, Санкт-Петербург ва Екатеринбургда маданий марказлари фаолият юритади. Уларнинг барчаси ёпилиши кутилмоқда. Тил марказлари тармоғи фаолияти давом этадими-йўқми, ҳозирча маълум эмас.

Москва қарори Германия томонидан Лейпциг/Ҳалле аэропортида портловчи модда ўрнатилган дронлар билан боғлиқ ҳодиса ортидан Россияга нисбатан чоралар кўрилганидан кейин эълон қилинди.

Германия Россияни ушбу ҳодисага алоқадор деб ҳисобламоқда. Россия томони эса айбловларни рад этмоқда. Лавров Берлин ҳозиргача Москва айбини тасдиқловчи далилларни тақдим этмаганини айтди.

Шунингдек, Германия элчиси Россия ТИВга чақирилди. Бундан аввал Берлинда Россия элчиси ҳам Германия ташқи ишлар идорасига чақирилган эди.

SPIEGEL маълумотига кўра, Германия канцлери Фридрих Мерц Россияга қарши чораларни август охиридаёқ эълон қилишни режалаштирган. Бироқ ички ишлар ва ташқи ишлар вазирлари терговга халақит бермаслик ҳамда Москва эҳтимолий жавобига тайёргарлик кўриш учун қарорни кечиктиришни таклиф қилган.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: