Олимлар қоронғи материянинг илк изини топган бўлиши мумкин

Олимлар қоронғи материянинг илк изини топган бўлиши мумкин

Олимлар коинот физикасидаги энг катта жумбоқлардан бири — қоронғи материяни аниқлаш йўлида жуда қизиқ натижага дуч келишди.

АҚШнинг Жанубий Дакота штатида қарийб бир мил чуқурликда жойлашган LUX-ZEPLIN (LZ) детектори тадқиқотчилар ҳозирча оддий фон жараёнлари билан ишончли тушунтира олмаётган заррача ўзаро таъсирини қайд этди. Энг қизиғи, ҳодиса айнан қоронғи материя сигнали пайдо бўлиши кутилган диапазонда кузатилган.

LZ — 39 та илмий муассасадан 250 нафар олим ва муҳандис иштирок этаётган йирик халқаро тажриба. Унинг асосий қисмида 10 тонна ўта тоза суюқ ксенон мавжуд бўлиб, қурилма қоронғи материянинг эҳтимолий заррачаларини аниқлаш учун мўлжалланган.

Бироқ олимлар ҳозирча «қоронғи материя топилди» деб эълон қилмаяпти. Сабаби қайд этилган ҳодиса бор-йўғи битта ва кашфиётни тасдиқлаш учун анча кўп маълумот талаб этилади. Шунга қарамай, тадқиқотчилар бу LZ ҳозиргача аниқлаган энг қизиқ эҳтимолий сигнал эканини билдирмоқда.

Қоронғи материяни бевосита аниқлаш замонавий физикада тарихий кашфиёт бўлар эди. У кўринмайди, аммо галактикалар ҳаракати ва бошқа гравитацион таъсирлар орқали мавжудлиги ҳақида кучли далиллар бор. Энди олимлар кейинги кузатувларда шунга ўхшаш ҳодисалар яна қайд этиладими-йўқми, шуни текширади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: