60 ёшли аёл ЭКУ ёрдамида соғлом ўғил фарзандли бўлди
Москвада 60 ёшли аёл бачадонида миома бўлишига қарамай, ЭКУ ёрдамида соғлом ўғил фарзанд дунёга келтирди. Шифокорлар туғруқдан сўнг миомани ҳам олиб ташлаб, аёлнинг репродуктив саломатлигини сақлаб қолишди.
«ТАСС» хабарига кўра, бу ҳақда «Коммунарка» кўп тармоқли тиббиёт маркази бош шифокорининг акушерлик-гинекологик ёрдам бўйича ўринбосари Соня Данелян маълум қилган.
Аёл ҳомиладорлик давомида терапевт, онколог, қон томир жарроҳи, тиббий психолог ва бошқа мутахассислардан иборат кўп тармоқли жамоа назоратида бўлган.
Маълум қилинишича, бу унинг учинчи фарзанди. Аёлнинг аввалдан вояга етган икки ўғли бор.
Ҳомиладорликнинг 38-ҳафтасида кесарча кесиш операцияси амалга оширилган. Шундан сўнг шифокорлар бачадондаги миомани олиб ташлаш учун миомэктомия операциясини бажаришган.
Аёлнинг ҳозирги чақалоғи ЭКУ ёрдамида дунёга келган. У ўз тухум ҳужайраларини ҳали 2010 йилдаёқ музлатиб қўйган эди.
Она ва чақалоқнинг аҳволи яхши бўлгани сабабли улар шифохонадан уйига жавоб берилган.
Шифокорнинг таъкидлашича, операциянинг энг муҳим натижаси нафақат соғлом ва етук чақалоқнинг туғилгани, балки аёлнинг репродуктив саломатлиги ҳам сақлаб қолинганидир.
