96 ёшли америкалик қариялар уйидаги ҳаёти ҳақида TikTok’да видео олиб, минглаб доллар ишламоқда
АҚШлик 96 ёшли Лиллиан Дрониак TikTok ижтимоий тармоғида машҳурликка эришиб, 15 миллион обуначи тўплади. У ўз видеоларида кундалик ҳаёти, учрашувлар, дугоналари билан кечалар ва муносабатлар ҳақидаги маслаҳатлари билан бўлишади. Унинг машҳурлиги Коннектикут штатидаги қариялар уйида яшаш харажатларини мустақил қоплаш имконини бермоқда. Ушбу масканда яшаш ойига 10 минг доллардан ортиқ маблағ талаб қилади.
Яқинда Дрониак дугоналари билан тез-тез шовқинли кечалар уюштиргани учун қариялар уйидан чиқариб юборилиш хавфига дуч келди. Бунга жавобан у: «Ҳеч ким менга кўнгилхушлик қилишни тақиқлай олмайди», — деди. Охир-оқибат, маъмурият билан келишувга эришилди: кечалар ўтказишга рухсат берилди, аммо хонада спиртли ичимликлар ичиш тақиқланди.
BBC маълумотига кўра, пенсионер аёл йирик компаниялар, жумладан, косметика ишлаб чиқарувчилар билан реклама шартномалари орқали даромад топади. Даромадининг бир қисмини эса эвараси таълими учун жамғариб боради. Видеоларни суратга олиш ва монтаж қилишда унга баъзан набираси ёрдам беради, бироқ роликлар ғояларини Дрониакнинг ўзи ўйлаб топади.
