Трампнинг рейтинги рекорд даражада 33 фоизгача тушди

Трампнинг рейтинги рекорд даражада 33 фоизгача тушди

Reuters/Ipsos сўрови натижаларига кўра, АҚШ президенти Дональд Трамп фаолиятини маъқуллаш даражаси рекорд даражадаги паст кўрсаткич — 33 фоизгача тушди. Агентликнинг аввалги икки сўровида ҳам Трамп фаолиятини айнан шунча америкалик маъқуллаган.

Трампнинг оммавий қўллаб-қувватлаши пасайиши фонида унинг маъмуриятининг иқтисодий сиёсатига нисбатан норозилик кучаймоқда. Сўровда қатнашганларнинг 71 фоизи президентнинг яшаш харажатларининг ошишига қарши кўраётган чораларини маъқулламаслигини билдирган. Бундай фикрни республикачиларнинг ҳар ўн нафаридан тўрт нафари ҳам қўллаб-қувватлаган.

Сўнгги бир ой ичида рўйхатдан ўтган сайловчилар, шунингдек, иқтисодиёт бўйича Демократик партиянинг ғоялари Республикачилар партиясига қараганда самаралироқ, деган фикрни кўпроқ билдирган. Демократлар ушбу кўрсаткич бўйича қарийб ўн йил ичида илк бор республикачиларни ортда қолдирган.

Трампнинг паст рейтинги Эрон билан боғлиқ уруш билан ҳам изоҳланмоқда. Унинг бу борадаги ҳаракатларини америкаликларнинг атиги 36 фоизи маъқуллаган. Ҳарбий операция бошланганидан кейин бензин нархларининг ошиши иқтисодий вазият сабаб президентга нисбатан норозиликни янада кучайтирган.

Сўров, шунингдек, 3 ноябрь куни бўлиб ўтадиган оралиқ сайловлар олдидан демократлар орасида сиёсий сафарбарлик даражаси юқорироқ эканини кўрсатди. Овоз бериш борасидаги «жуда юқори» иштиёқини демократларнинг 46 фоизи билдирган бўлса, республикачилар орасида бу кўрсаткич 31 фоизни ташкил этган.

Мустақил сайловчилар орасида 36 фоиз респондент агар Конгресс сайловлари ҳозир бўлиб ўтганида, Демократик партия номзодларига овоз беришини билдирган. Республикачиларни эса 22 фоиз танлаган бўлар эди.

Reuters/Ipsos сўрови АҚШнинг 1167 нафар вояга етган фуқароси ўртасида ўтказилган. Сўровнинг хатолик даражаси ҳар икки йўналишда 3 фоиз пунктни ташкил этади.

Дўстларингизга ҳам юборинг: