АҚШда сунъий интеллект масаласида сиёсий қарама-қаршилик кучаймоқда
Вашингтонда сунъий интеллект (СИ) технологияларининг келажаги ва уни тартибга солиш масаласи атрофида сиёсий баҳслар тобора кучаймоқда. Демократлар СИнинг эҳтимолий хавфларидан огоҳлантириб, уни назорат қилиш зарурлигини таъкидлаётган бўлса, республикачилар бундай хавотирлар бўрттириб юборилаётганини айтмоқда. Улар учун асосий вазифа — АҚШнинг сунъий интеллект соҳасида Хитойдан устунлигини таъминлаш.
CNN хабар беришича, АҚШнинг собиқ президенти Барак Обама Демократик партия вакилларини СИни тартибга солиш масаласини сиёсий кун тартибининг муҳим йўналишларидан бирига айлантиришга чақирган. Унинг таъкидлашича, сунъий интеллект етарлича назорат қилинмаса, жиддий хавфларни келтириб чиқариши мумкин.
Амалдаги президент Дональд Трамп эса СИ туфайли юзага келиши мумкин бўлган экзистенциал таҳдидлардан хавотирда эмаслигини билдирди. Унинг фикрича, Вашингтон учун асосий устувор вазифа — сунъий интеллектни ривожлантириш ва бу соҳада Хитойдан олдинда бўлиш.
Шу тариқа, АҚШда СИ масаласида икки хил ёндашув шаклланмоқда: демократлар технологияни кучлироқ назорат қилиш зарурлигини урғуласа, республикачилар асосий эътиборни инновацияларни жадаллаштириш ва Хитой билан рақобатда устунликни сақлаб қолишга қаратмоқда.
