Ўзбекистонда қизамиқнинг оғир асоратини даволашнинг замонавий усули жорий этилди
Ўзбекистонда қизамиқнинг оғир асоратларидан бири — ўткир ости склерозлашган панэнцефалитни (SSPE) эрта аниқлаш ва беморларга ихтисослаштирилган тиббий ёрдам кўрсатиш бўйича имкониятлар кенгайтирилмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.
ЖССТ маълумотларига кўра, қизамиқ билан касалланган ҳар 100 минг нафар боладан ўртача 4–11 нафарида кейинчалик ушбу оғир асорат ривожланиши мумкин.
Вазирлик маълумотига кўра, 2025 йил 3 ноябрдаги Президент қарорига мувофиқ, SSPE билан касалланган болаларни махсус дори воситалари ва озиқ-овқат маҳсулотлари билан бепул таъминлаш учун зарур маблағлар ажратилмоқда. Тиббиёт муассасаларида касалликни ташхислаш ва даволаш имкониятлари ҳам кенгайтирилмоқда.
Касалликни даволаш ва беморларни реабилитация қилиш бўйича чора-тадбирлар невролог, вирусолог ва иммунологлар иштирокида ишлаб чиқилган. Улар Болалар миллий тиббиёт марказидан ташқари, мамлакатнинг 13 та ҳудудида ҳам қўлланмоқда.
Шунингдек, Болалар миллий тиббиёт марказида SSPE касаллигини даволашда замонавий усуллардан бири — Оммая резервуари орқали дори воситаларини бош мияга етказиш усули жорий этилган. Марказ вакилининг таъкидлашича, ушбу усул йил бошидан буён қўлланмоқда.
Бугунги кунда Болалар миллий тиббиёт маркази ва ҳудудлардаги кўп тармоқли болалар тиббиёт марказларида SSPE билан касалланган болалар учун стационар ўринлар ташкил этилган. Бу беморларга зарур муолажаларни ўз вақтида олиш имконини бермоқда.
Касалликни аниқлаш учун лаборатория имкониятлари ҳам кенгайтирилган. Вазирликка кўра, Тошкент шаҳри билан бир қаторда ҳудудларда ҳам замонавий лаборатория ускуналари мавжуд. Шу билан бирга, ушбу йўналишда мутахассислар тайёрлаш ва малакасини ошириш ишлари олиб борилмоқда.
Сўнгги бир йил давомида ҳудудларда бирламчи ва стационар тиббиёт тизимида фаолият юритувчи шифокорларни ўқитиш ташкил этилган. Шунингдек, Болалар миллий тиббиёт маркази мутахассислари ҳудудлардаги шифокорларга телемедицина орқали маслаҳатлар бермоқда.
Вазирлик SSPE касаллигини даволаш қийин бўлса-да, унинг олдини олишда қизамиққа қарши эмланиш муҳимлигини таъкидлади. Мутахассислар ота-оналарни фарзандларини белгиланган муддатларда қизамиққа қарши эмлатишга чақирмоқда.
