Қирғизистон ўзининг биринчи сунъий йўлдошини АҚШ ҳудудидан учиради
Қирғизистон ўз тарихидаги илк миллий сунъий йўлдошини коинотга учиришга тайёрланмоқда. Қурилмани 1 октябрь куни АҚШнинг Калифорния штатидан Ер орбитасига олиб чиқиш режалаштирилган, деб хабар берди “Спутник Киргизстан”.
Сунъий йўлдош тақдимотини Қирғизистон ҳукумати раиси ўринбосари — сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири Эрлист Акунбеков олиб борди. Унинг сўзларига кўра, сунъий йўлдош орқали олинган суратлар ва бошқа маълумотлардан фойдаланиш қишлоқ хўжалигини янги босқичга олиб чиқишга ёрдам беради. Жумладан, бундай маълумотлар совуқ ҳаво тўлқинлари ёки қурғоқчиликни олдиндан кузатиш имконини беради.
Амалдорнинг аниқлик киритишича, сунъий йўлдош илгари компьютерлар ва назорат-касса аппаратларини йиғиш билан шуғулланган “Қирғиз электроника” корхонасида яратилган. Қурилмани ишлаб чиқиш ва тайёрлаш учун қирғизистонлик муҳандисларга 2,5 йил вақт керак бўлган.
Космик аппаратнинг оғирлиги 5 килограммни ташкил этади. Унинг қиймати 10–12 миллион сом, яъни қарийб 130 минг долларга баҳоланмоқда.
“Қирғиз электроника” директори Илья Чернийнинг айтишича, сунъий йўлдошни кўп функцияли қурилма деб аташ мумкин. Хусусан, у юқори аниқликдаги камералар билан жиҳозланган бўлиб, улар орқали олинадиган тасвирлар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги учун муҳим аҳамиятга эга.
Шу билан бирга, корхона раҳбари лойиҳани тўлиқ Қирғизистонда яратилган ишланма деб бўлмаслигини тан олди. Чунки сунъий йўлдошда қўлланган технологияларнинг катта қисми Россияга тегишли.
