Босқинга тайёргарлик кўрган Канада 51-штатига айланадими?
Канада ҳукумати яқин вақтларгача АҚШ томонидан ҳарбий босқин эҳтимолини ҳам кўриб чиққан. Бу ҳақда мамлакат бош вазири Марк Карни маълум қилди.
Карнининг айтишича, АҚШнинг Канадага ҳарбий ҳужуми энг эҳтимолий сценарий эмас. Бироқ бундай эҳтимолни умуман ҳисобга олмаслик «масъулиятсизлик бўлар эди». Бош вазир буни оддий «хавфларни бошқариш» жараёни деб атади.
Карнининг баёноти Европа Комиссияси раҳбари Урсула фон дер Ляйен Канадага Европа Иттифоқи билан яқинроқ ҳамкорлик қилишни таклиф қилганидан бир ҳафта ўтиб янгради. АҚШ президенти Дональд Трамп эса бу қадамни эҳтимолий «душманлик ҳаракати» деб атаган.
Сўнгги ойларда Оттава ва Вашингтон ўртасидаги муносабатлар кескинлашди. АҚШ Канададан импорт қилинадиган айрим товарларга 50 фоизлик бож жорий қилди. Трамп эса бир неча бор Канада АҚШнинг 51-штатига айланиши мумкинлиги ҳақида гапирди.
Шу билан бирга, икки давлат тарихан яқин муносабатларга эга ва улар ўртасида дунёдаги энг узун қўриқланмайдиган қуруқлик чегараси мавжуд.
Ҳарбий салоҳият борасида эса фарқ катта: АҚШда тахминан 1,3 миллион нафар фаол ҳарбий хизматчи бор, Канадада эса мунтазам ва захира кучларини қўшганда 100 мингдан бироз ортиқ ҳарбий хизматчи мавжуд.
