Қозоғистонда ҳарбийларнинг Каспий денгизига оқиб кетиши ортидан 5 нафар масъул шахс қўлга олинди
Машғулот вақтида ҳарбий хизматчиларнинг ўлими юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, тезкор-тергов гуруҳи тузилган. Қурбонлар сони 14 кишига етган, уч киши қутқарилган. Улардан бири ҳозирда касалхонада даволанмоқда. Қозоғистонда 25 сентябр куни миллий мотам эълон қилинган.
Хабар берилишича, қўлга олинганлар орасида штаб бошлиғи — Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари бош қўмондонининг биринчи ўринбосари, икки ҳарбий қисм командири, денгиз пиёдалари ротаси ва катер командирлари бор. Улар хизматга совуққонлик билан муносабатда бўлиш оқибатида оғир оқибатларга олиб келиш ва кемани бошқариш қоидаларини бузишда гумонланмоқда.
Барча гумонланувчилар Оқтов шаҳар полиция бошқармасининг вақтинча сақлаш изоляторига жойлаштирилган. Судга қадар тергов Қозоғистон Ички ишлар вазирлиги ва Бош прокуратураси назоратига олинган.
