Россия ва Сербия муносабатлари Вучичга қарамайди
Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Александр Вучичнинг Сербия президенти лавозимидан истеъфога чиқиши Москва ва Белград ўртасидаги муносабатларга таъсир қилмаслигини билдирди.
«Россия ва Сербия ўртасидаги муносабатлар алоҳида шахслар ўртасидаги муносабатлардан анча юқори туради. Шунинг учун муносабатларимиз барча мумкин бўлган соҳаларда конструктив тарзда ривожланишига ишонамиз», — деди Песков журналистларга.
27 сентябрь куни Александр Вучич Сербия президенти лавозимидан муддатидан олдин кетиш ҳақидаги ҳужжатни имзолаган. Унинг ваколатлари вақтинча парламент спикери Ана Брнабичга ўтиши кутилмоқда. Янги президент сайловлари декабрь ойи охирига қадар ўтказилиши керак.
Песковнинг айтишича, Вучич истеъфоси олдидан Россия президенти Владимир Путин билан телефон орқали мулоқот қилган.
Суҳбат давомида Вучич Россия билан 14 йил давомидаги ҳамкорлик учун миннатдорлик билдирган. Шунингдек, у Сербиянинг келгуси президентлари ҳам халқаро майдондаги турли омиллар ўртасида мувозанатни сақлаган ҳолда ташқи сиёсат олиб боришига умид билдирган.
Вучичнинг истеъфоси Сербияда қарийб икки йилдан бери давом этаётган намойишлар фонида рўй берди. Намойишлар 2024 йил ноябрида Нови-Сад темирйўл вокзалидаги соябон қулаб, 16 киши ҳалок бўлганидан кейин бошланган.
Норозилик намойишларида талабалар ва мухолифат тарафдорлари муддатидан олдин сайлов ўтказилишини талаб қилган. Намойишчилар ҳукуматни тизимли коррупция, таниш-билишчилик ва масъулиятсизликда айблаган.
