Сунъий интеллект хавфсизлигига қўйилаётган талаблар етарли эмас

Сунъий интеллект хавфсизлигига қўйилаётган талаблар етарли эмас

Microsoft президенти Брэд Смит сунъий интеллект хавфсизлигига қўйилаётган талаблар маиший техникага нисбатан белгиланган талаблардан ҳам кам эканини таъкидлаб, ушбу соҳада ягона халқаро қоидаларни ишлаб чиқишга чақирди. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.

«Ҳозирда кир ювиш машинаси хавфсизлигига сунъий интеллектга нисбатан кўпроқ талаблар қўйилади», — деди Брэд Смит.

Microsoft раҳбарининг фикрича, сунъий интеллект соҳасида хавфсизликни таъминлаш учун глобал қоидалар тизимини жорий этиш зарур. Ушбу қоидалар сунъий интеллект агентлари томонидан киберҳужумлар амалга оширилишининг олдини олиш мақсадида фавқулодда тўхтатиш механизми мавжуд бўлишини таъминлаши керак.

Шунингдек, Смит сунъий интеллект ишлаб чиқувчи компаниялар зиммасига хавфсизлик билан боғлиқ ҳодисалар ҳақида ҳисобот тақдим этиш бўйича қонуний мажбурият юклашни таклиф қилди.

Сўнгги вақтларда сунъий интеллект технологияларининг эҳтимолий хавфлари, жумладан, улар устидан инсон назоратини йўқотиш масаласи халқаро миқёсда кенг муҳокама қилинмоқда.

Аввалроқ Anthropic компанияси раҳбари Дарио Амодей ҳам хавфсизлик билан боғлиқ хавотирлар сабабли янада кучли сунъий интеллект моделларини ишлаб чиқиш жараёнини секинлаштиришга чақирган эди.

Дўстларингизга ҳам юборинг: