АҚШнинг саккизта штати OpenAI компаниясини болаларга етказилган зарар учун судга берди
Айова бош прокурори Бренна Бёрд OpenAI компаниясини болаларга зарар етказиш, ота-оналарни алдаш ва истеъмолчиларни алдаш бўйича штат қонунчилигини бузишда айблаб, судга даъво аризаси киритганини эълон қилди.
Бу ҳақда штат бош прокурори офиси матбуот хизмати маълум қилган.
Шунингдек, Айдахо, Аризона, Арканзас, Ғарбий Виржиния, Канзас, Монтана ва Небраска штатларида ҳам OpenAI компаниясига қарши алоҳида даъво аризалари топширилган.
«OpenAI болаларга зарар етказмоқда ва Айова аҳолисига ёлғон гапирмоқда. OpenAI компанияси ChatGPT’ни хавфсиз деб даъво қилади, ваҳоланки, у хавфли тиббий маслаҳатлар беради, одамларни бошқаларга зарар етказишга ундайди ва ўз жонига қасд қилиш бўйича кўрсатмалар беради — буларнинг барчасини уларнинг сохта дўсти бўлиб кўриниб амалга оширади. Менинг даъво аризам болаларимизни ҳимоя қилиш ва OpenAI компаниясини штатимиз қонунчилигига мувофиқ жавобгарликка тортишга қаратилган», — деди Бёрд.
Бош прокурор офисининг таъкидлашича, OpenAI фойдаланувчиларни ChatGPT хавфсизлиги борасида чалғитиб келган. У ерда, шунингдек, чат-ботнинг танқидий фикрлашга салбий таъсири, паранойя ва алласираш (бред) ҳолатларининг кучайиши, хавфли тиббий тавсиялар ҳамда носоғлом хулқ-атвор ва муносабатлар моделларини келтириб чиқаришига ишора қилувчи тадқиқотларга таянилган.
Бёрд OpenAI компаниясидан штатнинг истеъмолчиларни алдаш тўгарисидаги қонунига риоя қилишни, даъвогар хавфли деб ҳисоблайдиган амалиётларни тўхтатишни ва бош прокурорнинг позициясига кўра, компания ҳаракатларидан жабр кўрган штат аҳолисининг ҳуқуқларини тиклашни талаб қилди.
