Нетаньяҳу Россия ва Исроил манфаатлари тўқнаш келаётганини маълум қилди

Нетаньяҳу Россия ва Исроил манфаатлари тўқнаш келаётганини маълум қилди

Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяҳу сўнгги вақтларда Россия ва Исроил манфаатлари бир неча бор тўқнаш келганини маълум қилди. У бу ҳақда 18 октябрь куни Исроил миллий хавфсизлик доктринаси тақдимотида The Jerusalem Post нашри саволига жавоб берар экан, айтди.

«Россиянинг ўз манфаатлари бор, Исроил давлатининг эса ўз манфаатлари мавжуд. Улар ҳар доим ҳам бир-бирига мос келавермайди. Баъзан ҳатто тўқнаш келади», — деди Нетаньяҳу.

Унинг сўзларига кўра, икки томон умумий манфаатларни рўёбга чиқаришга интилади, бироқ келишмовчиликлар юзага келганда ҳар бири ўз позициясини ҳимоя қилади.

Нетаньяҳу, шунингдек, Москва ва Теҳрон ўртасидаги ҳамкорликни танқид қилди ҳамда Россияни Исроилга қарши антисемитик хабарларни тарқатувчи ботлар тармоқларини қўллаб-қувватлашда айблади.

Шу билан бирга, у ҳар икки мамлакат Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўймасликдан манфаатдор эканини таъкидлади.

Исроил бош вазирининг қўшимча қилишича, у заруратга қараб Россия Президенти Владимир Путин билан алоқаларни сақлаб келмоқда.

Дўстларингизга ҳам юборинг: