«Путин бизнинг жанговар қудратимизни билади»: Германия махсус кучлари Россия билан эҳтимолий урушга тайёргарлик кўрмоқда
Германиянинг Махсус операциялар қўмондонлиги (KSK) Москва билан эҳтимолий ҳарбий тўқнашувни ҳисобга олган ҳолда тайёргарлик тизимини қайта кўриб чиқмоқда. «Биз жуда аниқ равишда Россия тимсолидаги рақибга мўлжал олмоқдамиз», — деди BILD нашрига берган интервьюсида KSK қўмондони Андреас Кюне. Унинг сўзларига кўра, илгари операциялар тахминан уч кунга режалаштирилган бўлса, энди жангчилар дала шароитида анча узоқроқ қолишга тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, махсус кучлар жангчилари танк, артиллерия, дронлар ва радиоэлектрон кураш воситаларига эга бўлган рақибга қарши курашишни қайтадан машқ қилмоқда. Жуда совуқ ҳаво шароитидаги ҳаракатлар ҳам пухта ишлаб чиқилмоқда: KSK шарқий қанот учун хос бўлган иқлим шароитларига тайёргарлик кўрмоқда.
Бўлинма Штутгарт яқинидаги Кальв шаҳрида жойлашган Цеппелин казармаларида базаланади. KSK’да 1500 га яқин ходим хизмат қилади. Аммо уларнинг фақат учдан бир қисми махсус топшириқли жангчилардир, қолганлари эса маъмурий ходимлардан иборат. Танлов ўта шафқатсиз: номзодларнинг бор-йўғи 15 фоизга яқини саралашдан ўта олади.
Шу билан бирга, атиги бир неча йил аввал ушбу энг элита бўлинмасининг келажаги қил устида турган эди. Ультраўнг доиралар билан боғлиқ жанжаллар, хайрлашув кечасидаги нацистча саломлашиш ва чўчқа каллалари, ўқ-дориларнинг йўқолиши ҳамда KSK аскаридан қурол ва портловчи моддалар омбори топилиши бўлинмани ларзага келтирган эди. 2020 йилда махсус кучларнинг роталаридан бири тарқатиб юборилган эди.
