Ҳасанбой Дўсматов жаҳон чемпионлиги камари учун жанг қилади
Ўзбекистонлик машҳур боксчи, икки карра Олимпия чемпиони Ҳасанбой Дўсматов профессионал фаолиятидаги навбатдаги муҳим жангга тайёргарлик кўрмоқда.
33 ёшли боксчимиз 4 декабрь куни Истанбулда ташкил этиладиган IBA.PRO турнирида филиппинлик Родерик Баутистага қарши рингга кўтарилади.
10 раундга мўлжалланган баҳсда 52,2 килограммгача вазн тоифасида IBA.PRO версияси бўйича жаҳон чемпионлиги камари ўртага қўйилади.
Дўсматов профессионал рингда ҳозиргача 7 та жанг ўтказиб, барчасида ғалаба қозонган. У рақибларининг 5 нафарини нокаутга учратган.
Унинг навбатдаги рақиби Родерик Баутиста ҳам мағлубиятсиз бормоқда. Филиппинлик боксчи ҳисобида 10 та ғалаба бўлиб, уларнинг 7 таси нокаут билан якунланган.
Эслатиб ўтамиз, Ҳасанбой Дўсматов 2016 ва 2024 йилги Олимпия ўйинлари, шунингдек, 2023 ва 2025 йилги жаҳон чемпионатларида олтин медалларни қўлга киритган.
