Сурия ва Саудия Арабистони ҳамкорлик шартномаларини имзолади

Сурия ва Саудия Арабистони ҳамкорлик шартномаларини имзолади

Ҳужжатлар инфратузилма, энергетика, соғлиқни сақлаш, қишлоқ хўжалиги ва ҳарбий соҳаларни қамраб олади.

Сурия президенти Аҳмад аш-Шара ва Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон икки мамлакат ўртасидаги келишув ва ўзаро англашув меморандумларини имзолаш маросимида иштирок этди. Маросим 4 ноябрь куни Ар-Риёддаги «Ал-Ямама» саройида бўлиб ўтди.

Саудия матбуот агентлиги (SPA) хабарига кўра, ҳужжатлар ривожланиш ва инфратузилма, энергетика, уй-жой қурилиши, соғлиқни сақлаш, саноат, қишлоқ хўжалиги, экология ва молиявий хизматлар соҳаларида ҳамкорликни назарда тутади. Бундан ташқари, икки мамлакат мудофаа вазирликлари ҳарбий ҳамкорлик тўғрисида битим тузди. Унинг тафсилотлари ошкор қилинмаяпти.

Сурия Молия вазирлиги маълумотларига кўра, Саудия тараққиёт жамғармаси билан тузилган олтита битим 403 миллион доллардан ортиқ миқдорда имтиёзли кредитлар ажратишни назарда тутади. Маблағлар электр энергетикаси, сув таъминоти, соғлиқни сақлаш, уй-жой қурилиши, фуқаро муҳофазаси ва давлат молиявий хизматларини рақамлаштириш соҳасидаги лойиҳаларга йўналтирилади.

Хусусан, Ҳалаб иссиқлик электр станциясини қайта тиклаш, ичимлик сувини ҳисобга олиш тизимини модернизация қилиш, фуқаро муҳофазаси бўлинмаларини янгилаш, шикастланган уй-жойларни тиклаш ва тиббиёт муассасаларини ташкил этиш кўзда тутилган.

Имзолаш маросимида Сурия Ташқи ишлар, Мудофаа, Молия ва Саноат вазирлари, шунингдек, Саудия Арабистонининг тегишли идоралари вакиллари иштирок этди.

Томонлар, шунингдек, икки томонлама муносабатларни ривожлантириш ва минтақавий вазиятни муҳокама қилдилар. SPA хабарига кўра, улар кескинликни камайтириш, инқирозларни дипломатик воситалар билан ҳал қилиш ҳамда Қизил денгиз, Боб-эл-Мандеб бўғизи ва Ҳормуз бўғизида денгиз кемалари қатнови хавфсизлигини таъминлаш зарурлигини таъкидладилар.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: