Ҳаддан ташқари кўп ухлаш ҳам саломатликка зарар етказиши мумкин — тадқиқот
Уйқу инсон саломатлиги учун муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Етарлича ухламаслик хотира, иммунитет, юрак фаолияти ва кайфиятга салбий таъсир кўрсатиши ҳақида кўп бора айтилган. Бироқ олимлар ортиқча уйқу ҳам организм учун фойдали эмаслигини таъкидламоқда.
Йирик илмий тадқиқотлар таҳлилига кўра, кунига 9 соатдан ортиқ ухлайдиган инсонларда ўлим хавфи 8 соат ухлайдиганларга нисбатан ўртача 34 фоиз юқори. 2018 йилда эълон қилинган яна бир таҳлилда эса узоқ уйқу ўлим хавфининг тахминан 14 фоизга ошиши билан боғлиқ экани аниқланган.
Мутахассислар уйқуни организмнинг тикланиши учун зарур жараён деб ҳисоблайди. Уйқу вақтида мушаклар тикланади, иммунитет мустаҳкамланади, миядаги моддалар алмашинуви жараёнлари фаол кечади. Шунингдек, хотира ва ҳиссиётлар учун масъул бўлган нерв алоқалари ҳам мустаҳкамланади.
Австралия Уйқу саломатлиги жамғармаси мутахассисларига кўра, катта ёшли инсонлар кунига 7–9 соат ухлаши мақсадга мувофиқ. Ўсмирларга эса 10 соатгача уйқу талаб этилиши мумкин.
Бироқ олимлар узоқ ухлашнинг ўзи касаллик ёки ўлимга сабаб бўлишини ҳозирча исботламаган. Аксинча, ортиқча уйқу баъзан организмдаги бошқа муаммоларнинг белгиси бўлиши мумкин. Масалан, сурункали касалликлар, депрессия, оғриқлар ва айрим дориларнинг ножўя таъсири инсоннинг кўпроқ ухлашига сабаб бўлади. Семизлик ва чекиш ҳам уйқу сифатига салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Қизиғи, кексаликда ҳам уйқуга бўлган эҳтиёж кескин камаймайди. Бу ёшда уйқу давомийлигидан кўра унинг сифати муҳимроқ ҳисобланади. Агар инсон камроқ ухласа-да, уйғонганда ўзини тетик ҳис қилса, бу унинг учун етарли бўлиши мумкин.
Мутахассислар мунтазам равишда одатдагидан кўпроқ ухлашга қарамай, чарчоқ ҳисси йўқолмаса, шифокорга мурожаат қилишни тавсия этади.
Узоқ ва соғлом умр кўриш учун эса уйқу тартибига риоя қилиш, жисмоний фаол бўлиш, кундузги ёруғликдан баҳраманд бўлиш ва ухлашдан олдин тинч муҳит яратиш муҳимдир.
