Ўзбекистонда кучли ёмғир, қор ва совуқ кузатилиши кутилмоқда
Ўзгидромет 9–12 ноябрь кунлари Ўзбекистонда об-ҳаво шароити кескин ўзгариши ҳақида шошилинч огоҳлантириш эълон қилди.
Маълум қилинишича, 9 ноябрда мамлакатнинг шимолий ҳудудларига, 10–12 ноябрь кунлари эса қолган вилоятларга совуқ ва нам ҳаво массалари кириб келади.
Бунинг натижасида 9–11 ноябрь кунлари республиканинг аксарият ҳудудларида ёмғир ёғади. Айрим жойларда ёғингарчилик кучли бўлиши, 10–11 ноябрда эса шимолий ва тоғли ҳудудларда қорга айланиши кутилмоқда.
Шунингдек, баъзи ҳудудларда шамол тезлиги секундига 13–18 метргача кучайиши мумкин.
Ҳаво ҳарорати ҳам сезиларли пасаяди. Шимолий ҳудудлар ва чўл зоналарида кечаси 2–7 даража совуқ, кундузи 3–8 даража илиқ бўлиши прогноз қилинмоқда.
Республиканинг бошқа ҳудудларида эса кечаси 0–5 даража илиқ, айрим жойларда 1–2 даража совуқ, кундузи 7–12 даража илиқ бўлиши кутилмоқда.
