Ҳиндистонда сохта суд қарорлари билан юзлаб сайтлар блокланди
Ҳиндистон Телекоммуникациялар вазирлиги интернет-провайдерлар сохта суд қарорлари асосида юзлаб веб-сайтларни блоклаганидан сўнг ички текширув бошлади. Бу ҳақда Reuters агентлиги хабар берди.
Блокланган ресурслар орасида қимор ва букмекерлик хизматларини таклиф қилувчи камида 129 та сайт бор. Гарчи бундай платформалар Ҳиндистонда ноқонуний фаолият юритса-да, уларни блоклаш бўйича судлар ҳеч қандай қарор чиқармагани маълум бўлди.
Агентлик маълумотларига кўра, сохта ҳужжатларда судларнинг қалбаки логотиплари ва муҳрлари, шунингдек, расмий реквизитларга ўхшатиб тайёрланган QR-кодлардан фойдаланилган. Қарорлар Ҳиндистоннинг турли штатларидаги икки Олий суд номидан расмийлаштирилган.
Номаълум шахслар ўзларини юрист сифатида таништириб, ҳужжатларни электрон почта орқали вазирлик ходимларига юборган. Сохта ҳужжатлар қандай тайёрлангани ва бунда сунъий интеллектдан фойдаланилган ёки йўқлиги ҳозирча аниқланмаган.
Полиция сайтларни блоклаш билан боғлиқ ҳужжатлар ва электрон қайдларни сўраб олган, вазирлик эса ўз текширувини бошлаган. Сохта қарорларни тарқатган шахсларнинг кимлиги ҳозирча маълум эмас.
Мансабдор шахслар бундай усул қонуний фаолият юритаётган интернет-ресурсларга киришни чеклаш учун ҳам қўлланилиши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда.
Вазирлик сохта суд қарорлари асосида чиқарилган блоклаш буйруқларини бекор қилиш ниятида.
