Дунёнинг 74 та давлатида Microsoft хизматлари ишламай қолди
Microsoft компаниясининг Outlook, Teams ва Copilot каби хизматларида кенг кўламли техник носозлик юз берди. Downdetector маълумотларига кўра, муаммо қисқа вақт ичида глобал тус олиб, дунёнинг 74 та давлати ва ҳудудидаги фойдаланувчиларга таъсир кўрсатган.
Пайшанба куни кўплаб фойдаланувчилар Outlook электрон почта хизматига кира олмаган, электрон хатларни юбориш ва қабул қилишда ҳамда Microsoft’нинг бошқа иловаларидан фойдаланишда қийинчиликларга дуч келган. Муаммо Шимолий ва Жанубий Америка, Европа, Осиё ва Африканинг қатор мамлакатларида кузатилган.
Downdetector маълумотларига кўра, АҚШда Шарқий вақт билан соат 13:00 дан кўп ўтмай Outlook билан боғлиқ муаммолар юзасидан 130 мингга яқин мурожаат қайд этилган. Соат 18:00 га келиб эса бу кўрсаткич қарийб 37 мингтагача камайган.
Microsoft дастлаб носозлик Шимолий ва Жанубий Америкадаги фойдаланувчиларга таъсир қилаётганини маълум қилган бўлса, кейинчалик муаммо Microsoft 365 хизматларидан фойдаланаётган турли минтақалардаги фойдаланувчиларни ҳам қамраб олганини тасдиқлади.
Компания маълумотларига кўра, носозликка айрим ҳудудларда Microsoft инфратузилмасига тушган юқори юклама сабаб бўлган. Microsoft муаммони бартараф этиш мақсадида янгиланишларни вақтинча тўхтатган, трафикни муаммоли инфратузилма сегментларидан бошқа йўналишларга ўтказган ва серверларни қайта ишга туширган.
Шунингдек, компания дастлабки текширувлар давомида носозликка сабаб бўлиши мумкин бўлган зарарли фаоллик аломатлари аниқланмаганини билдирди. Кейинги хабарларда Microsoft хизматлар барқарорлиги ва тармоқ ўтказувчанлиги яхшиланаётганини маълум қилиб, муаммони тўлиқ бартараф этиш бўйича ишлар давом этаётганини қайд этди.
Таъкидлаш жоизки, мазкур техник носозлик Ўзбекистонда Microsoft хизматларининг ишлашига таъсир қилмади. Ўзбекистондаги фойдаланувчилар учун бундай глобал узилиш кузатилмаган.
