Шаҳзода Гарри Буюк Британия Ички ишлар вазирлигини судга берди
Шаҳзода Гарри “Ал-Қоида” таҳдиди сабабли шахсий хавфсизлигини кучайтиришни талаб қилиб, Буюк Британия Ички ишлар вазирлигини судга берди. Бу ҳақда Daily Mail хабар берди.
Шаҳзода Британияда унга бошқача даражадаги ҳимоя берилиши керак, деб ҳисоблайди. У ўзининг “Захира” номли хотиралар китобини нашр этгач, “Толибон” расмий баёнот билан чиқиб, шаҳзодани “қўрқоқ” деб атаган.
Гарри ўз хотираларида Афғонистонда 25 нафар “Толибон” жангчиларини ўлдирганини айтган. Шундан сўнг “Ал-Қоида” шаҳзода Гаррини ўлдириш билан таҳдид қилгани таъкидланмоқда. Шаҳзода 2012 ва 2014 йилларда Британиянинг Афғонистондаги ҳарбий миссияси доирасида хизмат қилган ва ҳарбий фаолиятининг аксарият қисмини Афғонистон жанубида амалга оширган.
Гарри Британияда унга ҳукумат томонидан молиялаштириладиган ҳимоянинг “бир хил даражада” берилмаслигидан кейин Қироллик оиласини ҳимоя қилиш бўйича Ижроия қўмитасининг қарори устидан судга мурожаат қилган.
Аммо декабрь ойида Лондонда бўлиб ўтган суд мажлисида ҳукумат 39 ёшли Гаррининг даъвосини рад этган. Бунга жавобан Гаррининг матбуот котиби апелляция беришини айтган.
Шаҳзода мақомининг ўзгариши у “қироллик оиласининг тўлиқ кунлик ишлайдиган аъзоси” бўлишни тўхтатганидан кейин содир бўлди.
Гарри судга фарзандлари, шаҳзода Арчи ва малика Лилибет хавфсизлиги таъминланмаса, Буюк Британияда ўзини “уйдагидек” ҳис қила олмаслигини билдирган.