Пойтахтдаги рус мактабларида ўқитувчилар етишмаслиги аниқланди

Пойтахтдаги рус мактабларида ўқитувчилар етишмаслиги аниқланди

Ижтимоий тармоқ саҳифаларида Мирзо Улуғбек туманидаги таълим рус тилида олиб бориладиган мактабларнинг айрим синфларида физика, кимё, биология каби фанлар бўйича педагоглар етишмаслиги танқид қилган эди.

Тошкент шаҳар мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси томонидан Тошкент шаҳридаги барча умумий ўрта таълим мактабларидаги таълим рус ва ўзбек тилларида ўтиладиган фанлардан ўқитувчиларга бўлган эҳтиёж ўрганилди.

Ўрганиш натижаларига кўра асосий эҳтиёж таълим рус тилида олиб борилаётган фанлар ҳисобига тўғри келаётганлиги аниқланди. Жумладан, 2024 йилнинг февраль ойи ҳолатига Тошкент шаҳри бўйича 354,5 штат бирлиги ҳисобида ўқитувчиларга бўлган эҳтиёж мавжуд бўлиб, шундан 282,5 штат бирлигидаги ўқитувчиларга бўлган эҳтиёж таълим рус тилида олиб борилаётган фанлар ҳисобига тўғри келмоқда.

2023-2024 ўқув йилида Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимидаги Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетини пойтахтимизда доимий яшовчи 1668 нафар талаба тугатади. Шундан 1068 нафари ўзбек гуруҳи, қолган 600 нафарини рус гуруҳи битирувчиси ҳисобланади.

Айтилишича, Тошкент шаҳридаги барча умумий ўрта таълим мактабларидаги таълим рус ва ўзбек тилларида ўтиладиган фанлардан ўқитувчиларга бўлган эҳтиёжни мазкур битирувчилар ҳисобига қоплаш ҳам инобатга олинган.

“Маълумот ўрнида айтиш керак, айни пайтда пойтахтимиздаги рус тилида таълим бериладиган умумтаълим мактабларида педагогларга эҳтиёж айнан Тошкент давлат педагогика университети рус гуруҳларида таҳсил олаётган юқори курс талабаларини ўриндошлик асосида ишга жалб этиш эвазига тўлдирилаётганлигини билдирамиз”, – дейилади бошқарма маълумотида.

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: