“Ансамбль мен билан тенгдош”

“Ансамбль мен билан тенгдош”

Бугун 8 март — Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Ўзбекистон касаба уюшмалари саройида Мукаррама Турғунбоева номидаги “Баҳор” давлат рақс ансамблининг мунис аёллар учун тайёрланган махсус концерт дастури бўлиб ўтди. Концертда меҳмон хонанда сифатида Аслиддин Дўстов, Санжар Нурмаматов ҳамда Маъмуржон Мердадаевлар иштирок этишди.

Таъкидлаш жоизки, бошловчилар Нилуфар Сотиболдиева ва Жамшид Умирзоқовлар даврага ўзгача кайфият бахш этишди. Раққосалар томонидан саҳналаштирилган кўзни қувнатувчи рақслар концертга ташриф буюрган аёлларга байрамона, кўтаринки руҳ улашди.

Концерт якунида Ансамбль бадиий раҳбари Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ артисти Зиёда Мадрахимова сўзга чиқди:

– “Баҳор” ансамбли афсонавий ансамбль. Раҳматли устозимиз Мукаррама Турғунбоева асос солган ушбу ансамблнинг энг нодир асарлари, яъни рақсларини мана тўрт йилдан буён қайта саҳналарга олиб чиқмоқдамиз. Рақсларга янги ҳаёт, янги нафас бериш ҳаракатидамиз. Бу ишда бизга сиз азиз мухлисларнинг меҳрингиз, қўллаб-қувватловингиз жуда муҳим. Концертга ташриф буюрган ҳар бирингизга ўзимнинг чуқур миннатдорчилигимни билдираман. Байрамингиз муборак бўлсин азиз аёллар!

Концерт якунига етгач, биз ташриф буюрган меҳмонларнинг бугунги дастур ҳақидаги фикрлари билан қизиқдик.

Нигора Хушназарова:

— Мен “Баҳор” рақс ансамблини болалигимдан бери мухлисиман. Бу ансамблнинг ёши мен билан тенг (кулади). Авваллари ҳам улар иштирок қиладиган концертларга кўп тушардим. Уларнинг мухлиси эканлигимни билиб, концерт беришидан хабар топган фарзандларим менга билет совға қилишди. Байрамимга зўр совға бўлди. Болаларим барака топишсин. Маданий ҳордиқ чиқардим.

Лола Вафоева:

— Мени бу концертга дугонам таклиф қилди. Ростини айтсам, келганимга афсусланмадим. Концертлар барибир инсоннинг миясига дам беради. Анча ёшаради одам. Барака топишсин “Баҳор” ансамблини қизлари. Жуда ажойиб дастур тайёрлашибди.

 

 

Дўстларингизга ҳам юборинг: