Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (7-қисм)
Тарих қидириб юрган Фазлиддин ҳамсуҳбатининг ичаётганига умуман эътибор бермай қўйди. У кўпроқ маълумот олиш илинжида қулоғини динг қилиб ўтирди. Бироқ Камол Шон узоқ гапира олмади. Учинчи пиёладан кейин унинг бир гапи иккинчиси билан қовушмай қолди. Фазлиддиннинг шу заҳоти ҳафсаласи пир бўлиб:
— Мен борайин бўлмасам, — деди.
Камол Шон «Майли, боравер», дегандай бошини қимирлатди.
У эшикдан чиқаётганида Камол Шоннинг хотини эридан норози бўлиб айтаётган гапларини эшитди. «Меҳмонни меҳмон демадингиз. Шундай одамнинг шогирди экан, ҳурматини қилмадингиз. Сизга ароқ бўлса бўлди…» Аёл сўнгги сўзларини йиғи аралаш гапираётганди.
Фазлиддин дили хира бўлиб ётоққа келди. У Камол Шоннинг ичганидан умуман хафа эмасди. Бироқ дорга осилган бегуноҳ одамлар, уларнинг чирий бошлаган гўштларини еяётган қарғалар ва шу ерга келолмай, қариндошларини тупроққа топширолмай азобнинг чангалида юрганларнинг оҳ-ноласи… Айний бошлаган тананинг ҳидини ҳандалакнинг бўйига ўхшатиб… Душман тушунмасин деганлар, қўрққанлар. Душман қайси гўрдан тушунсин ўзбекчага агар ораларида ўзимиздан чиққан сотқинлар бўлмаса… Ана шу сотқин, маразлар, таги паст қуллар бўлмаганида, шунча одам қирилиб кетмасди…
Фазлиддин сира ухлай олмади. У ёққа ағдарилади, бу ёққа ағдарилади. Сим каравот ғичирлайди.
Охири бўлмади. Йигит ўрнидан туриб, дераза олдига борди. Тўлин ойга термулганча қотиб қолди.
Эртасига ҳамма ишларини якунлаб келишилган муддатда имомнинг ёнига борди. Имом ундан ҳеч нарса сўрамади. Ҳар қалай бошида сўрамади. Дарс ўтди. Кейин «Кеча яхши бордингларми?» деди.
— Ҳа, дўстингиз бозорлик қилди. Ҳамма пулга. Кейин уйида менга ғалати гап айтди, — дея устозига термулди Фазлиддин.
— Нима экан?
— Дашноқлар ҳақида гапирди. Телевизорни қўйганди битта артист «Қарғалар учса қарайлик…»
— Тўхта, — деди шу заҳоти қори Муҳаммад Али, — гапирма, сира гапирма!..
Шу заҳоти домланинг кўзида ёш пайдо бўлди.
— Бизнинг халқимизнинг энг қора кунлари бўлган…
Агар у яна сўзлашда давом этганида овоз чиқариб йиғлаб юборарди. Шу боисдан бир муддат тин олди. Ичидан тўлиб-тошиб келган йиғини тўхтатди.
— Асли айб ўзимизда. Одамлар ўшанда русларни айбдор қилишди. Бу тўғри, аммо энг катта айб ўзимизникиларда, ўзимизнинг хонларимиз-у, амалдорларимизда… Нима, шўрога қарши курашиш қўрбошиларга қолибдими? Умрини кайфу сафода ўтказиб келган тахт эгалари, хонлар қайси гўрда эдилар? ..
Бу имомнинг энг қўпол гапи эди. Илло, у ўзини босиб туролмади. Ҳали шўролар келмасларидан, оқ пошшо келиб босиб олганида, мустамлака қилиб олганида… Қўқон хони хотин устига хотин олар, эртадан кечгача майхўрлик қилар, халқни фақат эзиш билан шуғулланарди. Хўш, шундай экан, ёв келганида халқ хоннинг ёнига келадими? Бухоро амири, Хива хони ҳам худди шу аҳволда эди… Жадидлар кейин пайдо бўлишган, уларнинг миялари ўрисларнинг мактабларида ўқиганларидан кейин очилган… Булар тўғрисида Камол Шон билан жуда кўп гаплашганмиз. Айтганча, у тирик тарих. Ундан кўп нарсани билиб олса бўлади. Лекин шу ичиши чатоқ. Нимага ичдинг десанг, битта баҳона топади. Баҳонаси халққа бориб тақалади.
— Мен ундан бир нималарни ўргансам бўладими? — дея сўради кўзлари чарақлаган Фазлиддин.
— Албатта, бўлади. Лекин билганингиз билан унинг сира аҳамияти бўлмайди. Чунки унга биров қизиқмайди. Боз устига бошингизга ғавғо орттириб олишингиз ҳеч гап эмас. Шундай экан, бошқа бир юмушнинг бошини тутганингиз маъқул… Арманларни ёмон кўриб қолдингизми?
— Ҳа, — дея бошини қимирлатди Фазлиддин.
— Хато. Аввал ўзингизни ёмон кўринг. Нима, арманнинг саккизта оёғи, тўртта қўли бормиди? Йўқ. У ҳам қўрқоқ. У ҳам молпараст. Унинг ҳам жуссаси сизникидан катта эмас… Бўлди, етади. Хуллас, тарихни ёзишингиз учун отнинг калласидай юрагингиз бўлиши керак. Кейин ўта босиқ, ўта эҳтиёткор ва ўта чаққонлик ҳам керак бўлади. Билим ҳақида гапирмадим. Майли, энди бошқа мавзуга ўтайлик.
Аммо шу куни домла бошқа мавзуга ўтолмади. Чунки унинг ўзини ғам-қайғу эгаллаб олганди.
Фазлиддин тушкун кайфиятда қайтиб келди ётоқхонасига. Вахтёр хотин эшикни очиқ қолдириб қаергадир кетибди. У ичкарига кирди. Кимсасиз бир даргоҳ. Анави кириб чиқадиганларга қараб турадиган хотин кетар чоғи ҳатто чироқларни ёқиб қўймабди. Бундан чиқди, унинг кетганига анча бўлган.
Фазлиддин ҳам ёқмади. Бўлмаса, «ёндиргич»нинг ёнгинасидан ўтди. Шунчаки, йўлакнинг чароғон бўлишини истамади. «Ичим қоп- қоронғи бўлиб турган пайтда кўз олдим ёруғ бўлиши мумкин эмас», деган хаёлга борди.
Эртаси куни домла уни хушчақчақ ҳолда кутиб олди. Сабаби у Фазлиддин иккисининг ўртасидаги суҳбатни ичига сиғдиролмай Хадичага айтганди. Ҳа, ўша китоб дўконидаги сотувчи аёл. Имомнинг хотини у. Кўп ўқиган, кўп нарсани биладиган, аммо доим ўзини эридан кейинда деб ҳисоблайдиган аёл.
— Хўжайин, болани қўрқитиб қўйибсиз. Ундай гапларингизни эшитиши учун у жуда ёшлик қилади. Илм олаверсин. Унгача бир-икки йил ўтади. Ана ундан сўнг ҳаммасини билиб олади, — деди Хадича.
— Аммо у ҳозирданоқ жуда кўп нарсани билишни истаяпти. Шунчалик иштиёқи кучлики, тўхтатишнинг имкони йўқ. Шу бирор сабаби йўқмикин, деб ўйлаяпман, — дея мийиғида кулди домла.
— Бўлса бордир. Лекин, барибир, ҳозир ўзи учун бўш вақти бўлиши шарт.
— Бир ҳисобдан бўлмагани ҳам маъқул. Бир томондан ҳавасим келади, бошқа томондан қандайдир ичим эзилади. Ёшгина болага шунча юкни елкасида кўтаришга ҳаракат қилиш шартмикин дейман. Кейин бирдан хаёлимга Имом Бухорий ҳазратлари келади. Ахир у киши ўн ёшида қори бўлганлар. Аммо сизнинг гапингизда жон бор. Шундай қиламан.
Мана шунинг учун у Фазлиддинни хурсандчилик билан кутиб олди ва дарсни пайғамбаримиз кўрсатган мўъжизалардан бирини айтиб бериш билан бошлади. Яъни ойнинг иккига бўлиниши ҳақидаги ривоятдан.
Фазлиддин бутун вужуди қулоққа айланиб ривоятни эшитди. Кейин қотиб қолди. «Макка мушриклари», деган гапга тушунмади. Маккани жуда яхши биларди. Аммо у пайтларда, «мушрик» деган сўз ҳеч қаерда, на китобларда ва на одамлар оғзида бор эди, шунинг учун ҳам Фазлидддин тушунмади. Унинг тушунмаганлигини домла дарров англади ва гарчи Фазлиддин сўрамаса-да, «мушрик»нинг «кофир» эканини айтиб берди.
— Ёмон алам қиляпти? — деди ҳали ҳам карахт аҳволда ўтирган Фазлиддин.
— Нега?
— Ўша даврда туғилмаган эканман. Ойнинг иккига бўлинишини кўриш даҳшат-ку.
— Ҳа, даҳшат. Агар Худонинг амри бўлмаса, бандасининг қўлидан келадиган иш эмас. Шунда ҳам мушриклар ишонишмаган. «Сен бизни сеҳрлаб қўйдинг», дейишган. Кейин бошқа жойлардагилардан ҳам сўралган, улар ҳам ойнинг иккига бўлинганлигини кўрганларини айтишган… Айтганча, яширинча бир гап. Дўстларимдан биттаси тез-тез чет элга бориб туради. Унинг нима иш қилишини билмайман. Ўзиям айтмайди. Аммо яқинда кўришганимизда, ойнинг иккига бўлингани исботланганини гапирди. Четнинг газетасида ўқибди. Аммо бу гапни бир жойда айтиб юрманг.
— Хўп…
— Энди бугун сизни бир меҳмон қилмоқчиман. Келинойингизга эрталаб тайинлаб келганман. Ўзи у сизни бир чақирайлик, деб қанчадан бери айтарди.
— Мен ҳали анави сваркачи…
— Қўйинг, — дея унинг гапини бўлди домла, — бир кун унинг ўзи бирор нима қилиб турар. Қани, туринг, кетдик.
— Домла, сиздан битта илтимос бор эди, — дея ўнғайсизланди Фазлиддин.
— Бемалол.
— Мени сиз демасангиз. Ҳар сафар шундай деганингизда бошқача бўлиб кетяпман.
— Шундайми? — дея кулди домла. — Келишдик. Ана, бугундан бошлаб сизламасликка уриниб кўрамиз.
Домланинг уйи унчалик узоқда эмас экан. Агар масжиддан бошлаб ҳисобласанг олти ё етти юз қадамча келаркан. Кўп қаватли уйда, учинчи қаватда экан. Ва яна Фазлиддин унинг уйига бориб шуни билдики, Хадича опа, яъни китоб сотувчи аёл унинг хотини экан. Фазлиддин бироз ўнғайсизланди. Лекин бу дарров ўтиб кетди.
Домланинг хонадони пўримликдан кўра оддийликка кўпроқ яқин эди. Оддий пардалар, оддий гиламлар. Стол-стул умуман йўқ. Дастурхон уйнинг кам сонли жиҳозларидан бири бўлган хонтахтанинг устига ёзилганди. Даструхон устида иккита идишда чақ-чуқ ва битта ликопчада тўғралган помидор, бодринг бор эди. Кейин бир лаган ош сузиб келинди. Хадича опа роса пазанда экан. Оши шунақа хушхўр чиқибдики, бир лаган ош икки эркакка ҳеч нарса бўлмади. Домланинг қистови билан Хадича опа яна бир лаган сузиб келди. Буниси ҳам паққос туширилди. Шунингдек, суҳбат ҳам қизғин бўлди. Домла унинг қишлоғи, ота-онаси тўғрисида сўраб-суриштирди. Кейин унинг фарзандлари мактабдан келишди. Учта экан. Икки ўғил, бир қиз. Улар одоб билан келиб салом беришди. Домла икки ўғлига дастурхон атрофида ўтиришларини буюрди. Болалар ўта одобли эдилар. Сўралган нарсага жавоб беришар, ўзларидан ўзлари гапириб кетаверишмасди. Ош еяётганларида ҳам бошларида дўппи бор эди. Шошилмасдан, ўзларининг олдиларидан ейишарди ва отасининг Фазлиддинга айтиб бераётган ҳадисларини диққат билан эшитишарди.
Фазлиддин устозининг уйидан кўнгли тоғдай кўтарилиб чиқди. Яна қанақангидир қувват олди. Руҳланди. Бориб яна ҳам кўпроқ ўқийман деди.
Унинг бахти бор экан. Сергей ишга келмабди. Шу боис уни биров суриштирмабди ҳам.
Ётоқхонада одамнинг озлиги сабаб Фазлиддин кўпроқ ўқиб, кўпроқ нарсани билиб олди. У энди Қуръони каримни бемалол ўқийдиган ҳолга келганди. Шу боисдан ўндан зиёд сура ёдлади. Ёдлаганларини домлага тиловат қилиб бериб унинг имтиҳонидан ўтди. Шунингдек, Камол Шоннинг ёнига ҳам серқатнов бўлди. «Дашноқлар воқеаси»ни қоғозга туширди. Албатта, Камол Шоннинг ёрдами билан. У нақ ўттиз саҳифа бўлди. «Бу кам, — деди Камол Шон, — камида беш юз бетли китоб бўлиши керак. Ҳар бир деталга алоҳида тўхталиш зарур. Кейин уни китоб ҳолида чоп этиш лозим. Аммо ҳозир биров чоп этмайди. Чунки мумкин эмас». Фазлиддинга ҳам ҳозирча шуниси етади. Ахир бир марта Малоҳатларнинг уйларига бориши, қизнинг отаси билан учрашиб унга йиққанларини бериши, шу баҳонада Малоҳат билан кўришиши мумкин эди. Аммо бу учрашув анчагача чўзилди. Сабаби, ҳали ўқув юрти ўқувчилари пахтадан қайтишмаганди. Бўлмаса, ноябрь ойи ўрталаб қолди. Икки марта ёмғир ҳам ёғди. Бундай пайтда далада, биринчидан, пахтанинг ўзи қолмаган бўлади. Иккинчидан, ер нам бўлгач, далада юриш оғирлашади. Ҳашарчилар деган ном олган студентларни, ўқувчиларни қайтаришса ҳам бўлади. Лекин қайтаришмайди…
— Шу тарихни билишинг шартми? — деб қолди бир сафар Камол Шон Фазлиддин унинг ёнига борганида. — Барибир, ҳеч нарсани ўзгартира олмайсан. Ундан кўра, бўладиган фан билан шуғулланганинг маъқул. Айтайлик, аниқ фанлар билан. Чунки уларда ёлғон кам.
— Билмадим, — дея елкасини қисди Фазлиддин.
— Сен араб тили билан бирга рус, форс тилини ўрган, кейин сени қўлёзмалар институтига ва яна марказий кутубхонага олиб бораман, ана шунда ўзингга керакли бўлган нарсаларни секин ёзиб олиб келаверасан. Балки, бир замони келиб ишлатишнинг имкони туғилиб қолар. Нима дединг?
Фазлиддин яна елкасини қисди.
— Ҳамма нарсага билмайман деб жавоб бераверма. Айтганимни қил, кам бўлмайсан. Хоҳласанг, ана бориб устозинг қори Муҳаммад Алидан маслаҳат сўра. Менимча, у ҳам менинг гапларимни тасдиқлайди.
— Майли, — деди Фазлиддин ва унинг ёнидан кетди.
Бироқ имомга ҳеч нарса демади. Чунки Малоҳат билан кўпроқ кўришишни истади…
(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)