Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (17-қисм)

Нуриддин Исмоилов асари: “Ўлим жазоси берилсин!..” (17-қисм)

Жанжални тўртта хотин уюштирди. Чунки уларга пиёз қолмаётганди. Улардан олдинда навбатда турганлар қолган пиёзнинг ҳаммасини бўлиб олишганди. Муродулла ака довдираб қолди. Илло, у деҳқон одам, уззукун бозорда ўтириб нарса сотиб кўрмаган. Биринчи марта бунча катта ҳажмдаги маҳсулотни бозорга олиб чиқиши. Бундай катта пулни қўлига ушламаган эди. Боз устига, у сабаб жанжал пайдо бўлган.

— Тезроқ кетиш керак, — дея унинг қулоғига шипшиди Фазлиддин, — сиз қолганлардан ҳам пулларни тезроқ санаб олинг, мен дарров ўлчаб бераман.

— Хўп, — деди Муродулла ака.

У бировларнинг айтганларини бажариб ўрганиб қолган. Авваллари шундай бўлар эди. Ўзидан катта амалдор бир нима деса, дарров хўп дерди. Фақат бу йил ўзининг ақли билан ишлади. Ер олди. Пиёз экди. Колхознинг ҳақини берди. Ўзининг уйига ҳам оз эмас-кўп эмас, нақ ўттиз тонна туширди… Даланинг ўзида арзонгаров сўраб келганларга бермади. «Қиши билан майдалаб сотаман», деди. Аммо ҳозир вазият қалтис бўлиб турган пайтда кимнингдир унга раҳбар бўлишини истади. Шу боис гарчи кичкина бўлса ҳам, Фазлиддиннинг таклифига дарров «хўп» деди.

Фазлиддиннинг қўли қўлига тегмади. Қолаверса, харидорларнинг ўзлари ҳам ёрдамлашишди. Улар ҳам жанжалкашлардан эртароқ қутулишни исташарди.

Пиёз тугади. Барча пуллар санаб олинди.

— Энди кетдик, — дея Фазлиддин атрофга бир қур назар ташлади. Шунда беш-олти қадам нарида турган иккита йигитга кўзи тушди. Уларнинг ҳар иккиси ҳам аллақачон йигирма беш ёшни уриб қўйган, иккисининг ҳам кўзи ўйнарди. Уларни бозордаги савдогарларнинг деярли ярми танирди. Бу турқи совуқ ўғрилар эди. Улар кўпинча янги келганларнинг пулини ўғирлашади. Сабаби улар эски савдогарларга отнинг қашқасидай таниш. Агар ёнларига яқинлашиб қолса, бирдан қарғашга, сўкишга тушишарди улар… Бу шоввозлар касбларининг шунақа устаси бўлиб кетишганки, ёнингиздан ўтиб кетса бўлди, нимангиздандир айриласиз. Ҳозир ўғрилар Муродулла аканинг пул санаб олаётганини кўришди. Иккисининг ҳам ичида олов ёнди. Нима қилиб бўлмасин, шу пулларни ўмаришлари керак эди. Агар ўғирлашса, шу билан камида бир ой бозорга яқинлашишмайди. Бундай имконият ҳар куни ҳам бўлавермайди. Йўқ, улар тунги ўғрилар эмас. Тунги ўғриларни улар майда ҳисоблашади. Бир-икки қоп картошка ва яна шунга ўхшаш нарсаларни олиш ҳам ўғрилик бўптими, ўмарганингдан кейин каттароғини, кўпроғини ўмар-да. Токи обрўйинг бўлсин.

Фазлиддин уларнинг ўғри эканлигини билмаса-да, турқи-таровати ёқмади. «Шулардан бир бало чиқади», деб ўйлади.

Муродулла аканинг нарсалари унчалик ҳам кўп эмасди. Тўртта қопи, битта чарм сумкаси бор эди. Пулниям, қопларниям шу сумкага солди.

— Кетдик, — деди.

Фазлиддиннинг бутун диққат- эътибори ўғриларда эди. Улар кета бошлаши билан ўғрилар ҳам қимирлашди. Уларнинг ортидан эргашишди. Фазлиддиннинг шубҳаси тасдиқланди. Энди эртароқ бирорта такси ушлашлари керак ва бу ердан узоқроққа кетишлари шарт.

Ўғриларнинг ҳам «Москвич» бўлса-да, машиналари бор. Бемалол таксининг ортидан тушиб, уни кузатиб кетишади.

Муродилла ака билан Фазлиддин таксига ўтирди. Фазлиддин Муродулла акани шоҳ бекатгача кузатиб қўймоқчи эди, «Москвич» ортларидан қолмай келаётганини кўрганидан кейин фикрини ўзгартирди.

— Масжидга ҳайданг, — деди ҳайдовчига.

Ҳайдовчи ҳайрон бўлиб унга қараб қўйди. Муродулла ака эса уни секингина туртиб:

— Нега? — дея сўради.

— Ортимиздан тушишди, — деб шивирлади унга Фазлиддин.

Масжид ёнига боргач, йўлкирани Фазлиддин тўлади. Ахир унинг чўнтагида икки сўм қолган. Агар Муродулла ака сумкасини ковлаштирса, такси ҳайдовчисининг ҳам катта пулга кўзи тушиши, унинг ҳам феъли айниши мумкин эди-да.

Имом ўзининг хонасида Қуръон ўқиб ўтирарди. У Фазлиддинни кўриб ҳайрон бўлди.

— Ва алайкум ассалом, — дея шогирдининг саломига алик олди. Кейин унинг ортидан келган одам билан ҳам кўришди. Меҳмонларга дарров ўтириш учун жой кўрсатди. Хонтахта устида турган чойнакдан чой қуйиб узатди. Ана шундан кейин савол назари билан Фазлиддинга қаради.

Фазлиддин бўлган воқеани миридан сиригача гапириб берди. У сўнгги гапларини айтаётганида қори Муҳаммад Алининг юзи ўзгарди ва ачиниш билан Муродулла акага қараб:

— Минг бор узр, меҳмон. Шаҳарда шунақалар ҳам бор. Ҳойнаҳой, улар ташқарида туришибди. Мақсадларига етмагунларича ҳеч нарсадан қайтишмайди. Ҳалиям эсон-омон шу ергача етиб олибсизлар, — деди.

— Худо менга Фазлиддинни етказди. Бўлмаса, қишлоққа шармандам чиқиб қайтарканман, — дея йиғламоқдан бери бўлди Муродулла ака.

— Молингиз ҳалол бўлган. Аслида, бозор шайтоннинг уйи. У ерга жуда эҳтиёт бўлиб бориш керак. Ишингиз битганидан кейин тезроқ кетиш лозим. Худо хоҳласа, муаммойингизни ечамиз Аллоҳнинг ёрдами билан, — дея имом ўрнидан туриб, эшикдан бироз берироқда, тумба устида турган телефон гўшагини кўтариб, рақам терди. Бир муддат кутганидан сўнг салом берди. Кейин ўзининг исми- шарифини айтди.

— Эй, домла, бормисиз? Сизнинг ҳам овозингизни эшитадиган пайтимиз бор экан-ку. Нуқул мен сизнинг ёнингизга борардим.

— Бир марта сизни безовта қилишимга тўғри келиб қолди, — дея имом турганларга қараб қўйди.

— Минг марта қўнғироқ қилинг. Ярим тундами, тонг саҳардами, сизга ҳамиша мумкин. Биз доим сизнинг хизматингиздамиз, домла, — деди нариги томонда гўшакни қулоғига қўйиб турган одам. — Нима хизмат бор?

— Шу десангиз, бир танишимиз қишлоқдан пиёз олиб келган экан. Юк машинасида…

— Гап бўлиши мумкин эмас, ҳозироқ мен йигитларни жўнатаман. Сотиш керак бўлса, сотиб беришади. Пулини бирдан олиб боришади. Пиёз ҳозир тиллога тенг, домла!

— Раҳмат. Лекин булар сотиб бўлишибди. Аммо битта муаммо пайдо бўлибди.

— Нима муаммо, домла?

— Шу иккита бола орқасидан тушибди…

— Ҳимм, қайси бозорда сотган?

— Эски Жўвада.

— Бўлди. Масжиддамисиз?

— Ҳа.

— Йигитлар боришади. Ҳеч нимадан хавотир олманг.

Имом гўшакни жойига қўйди.

— Ана, — деди кулиб, — ҳал бўлди. Бироз ўтириб турасизлар энди.

У жойига келиб ўтирди. Сўнг ўғрилар ҳақида пайғамбаримиздан келган ҳадисларни гапириб берди. У сўзларини тугатгунича, телефонда гаплашган одам юборган йигитлар келиб эшигини тақиллатишди.

— Кираверинг, — дея эшик томонга қаради имом.

Эшик очилиб, бўйи узун, бақувват, сочини қиртишлаб олдирган барзанги бир йигит кириб келди. Уни кўрган одам бирдан сесканиб кетарди.

— Ассалому алайкум, домла! — деди барзанги қўпол, дағал овозда кафтини кўксига қўйиб.

— Ва алайкум ассалом, келинг, — дея ним табассум билан жавоб берди имом.

— Бошлиқ ёнингизга юборган эдилар. Ишни битирдик. Меҳмонни кузатиб қўяйликми?

— Қани улар?

Барзанги ортига ўгирилиб бир ишора берганди, бошқа бир йигит Муродулла ака билан Фазлиддиннинг ортидан тушганларни ичкарига киритди. Ўғриларнинг юзлари докадай оқариб кетган, қўрқувдан қалтирашарди.

— Шуларми? — дея сўради барзанги.

Имом Фазлиддинга юзланди. Фазлиддин бошини қимирлатиб тасдиқлади.

— Тавба қилдим! Тавба қилдим! — дея шу заҳоти ўғрилардан бири ўзини ерга ташлади.

«Бечоралар, — дея кўнглидан ўтказди Фазлиддин, — энди ўлдириб юборишмасайди».

— Овозинг чиқмасин! — деди ўғрининг ортида турган барзанги. Ўғрининг шу заҳоти дами ўчди.

— Нима қиласизлар буларни? — сўради имом барзангидан.

— Сиз нима десангиз шу. Аканинг буйруғи шундай бўлган, — жавоб берди барзанги.

— Иккаласи ҳам шу ерда қолсин. Қилган ишларидан пушаймонлиги шундай кўриниб турибди, — деди имом.

Барзанги ўшшайди.

— Домла, булар артист. Ишонманг. Ҳозир онасиниям сотишади-да, кейин яна ишларини давом этказишади! — деди.

— Шу ерда қолишсин булар. Мен ўзим гаплашаман. Сизлардан илтимос, манави одамни уйига кетадиган автобусга ўтқазиб юборинглар, — дея домла Муродулла акани кўрсатди.

— Хўп бўлади, — дея барзанги қўлини яна кўксига қўйди.

— Энди мен меҳмон билан икки оғиз гаплашиб олсам, — деб унга қаради имом.

— Бўлди.

Барзанги ўзи билан бирга ўғриларни ҳам ташқарига олиб чиқиб кетди.

— Мен, — деди улар кетганларидан кейин домла, — сизни бугун уйда олиб қолардим-у, аммо сиз кетишингиз керак. Эртароқ бола-чақангизнинг ёнига борганингиз маъқул. Фақат битта илтимос, бу ердаги гаплар шу ерда қолсин.

— Хўп, — дея Муродилла ака ўрнидан турмоқчи бўлди-ю, шу заҳоти қайтиб жойига ўтирди ва Фазлиддинга қараб, — бу укамнинг пулини бермадим-ку, — деди.

— Беринг, — дея кулди домла.

— Ҳозир.

Муродулла ака сумкасини ковлади. Сўнг бир даста пул чиқариб:

— Манави кеча келишганимиз, — дея ўн беш сўмни чиқариб Фазлиддиннинг олдига қўйди. — Мана буниси бугунги ишлаганинг учун, — деб у яна йигирма беш сўмни аввалгисининг устига ташлади. — Бу бўлса, бало-қазолардан сақлаб қолганингга…

Буниси энди жуда кўп эди. Нақд эллик сўм.

— Йўқ, — деди бирдан Фазлиддин, — бало-қазолардан мен сизни қутқарганим йўқ. Мен шунчаки ўзим билган нарсаларни айтдим. Худо ёрдам берди. Менга ортиқча пулингиз керак эмас.

— Лекин буям сенинг хизматинг. Сал қолса, мен ҳамма пулимдан айрилардим, иккита бармоғимни бурнимга тиқиб, кўзимдан ёшимни оқизиб уйга қайтардим, — дея Муродулла ака оёқ тираб туриб олди.

— Унда одамгарчилик, мусулмонлик қаерда қолади? Ҳар биримиз қўлимиз тегиб кетган нарсага ҳақимизни тилайверсак, Аллоҳнинг ғазабига қоламиз. Бу ишингизни қўйинг. Яхшиси, омон-эсон етиб олганингиздан сўнг бирорта етим-есирга садақа қилинг. Ана у ишингиз ҳаммага бирдай маъқул бўлади, — деб гапга аралашди имом.

Шундан кейин:

— Бўлмаса, шу ерга масжидга бериб кетайин, — деди Муродулла ака.

— Йўқ. Қишлоққа олиб боринг. Топганингиз сизга она сутидай ҳалол. У ёғини ҳали айтганимдай қилинг.

Бу домланинг сўнгги гапи бўлди.

 

(Асарнинг давомини бироздан кейин ўқийсиз)

Дўстларингизга ҳам юборинг: