Бирлашган Араб Амирликларида нидерландиялик машҳур футболчи ҳибсга олинди
Москванинг “Спартак” клуби футболчиси Квинси Промес Дубайда ҳибсга олинди. Нидерландияда у бир тонна кокаин контрабандаси учун ҳукм қилинган, деб хабар беради ВВC.
Москванинг “Спартак” футбол клуби футболчиси Квинси Промес Нидерландия расмийлари талабига биноан Дубайда ҳибсга олинди. Нидерландия уни экстрадиция қилишни талаб қилмоқда, чунки бу мамлакатда спортчи 1,3 минг килограмм кокаин контрабандаси учун олти йилга қамалган.
32 ёшли Промесни ҳибсга олишга халқаро ордер берилди.
Февраль ойи охирида Промес машғулотдан сўнг бошқа “Спартак” футболчилари билан Дубайдан Россияга учиб кетмоқчи бўлган, бироқ чегарада қўлга олинган.
Россиялик журналистларнинг ёзишича, бунга футболчининг Дубайда автоҳалокатга учраб, воқеа жойидан қочиб кетгани сабаб бўлган.
ОАВ хабарларига кўра, ўшандан бери у Дубайдаги ҳашаматли меҳмонхонада яшаб келган ва расман уй қамоғида бўлган, деб ёзади AFP.
“Турли ОАВ хабарларига кўра, ҳибсга олинган эркак Дубайда дабдабали ҳаёт кечирган. Бироқ у икки давлат расмийларининг ҳамкорлиги туфайли қўлга олинди”, – дея Нидерландия прокурорларининг сўзларидан иқтибос келтиради NL Times.
“Нидерландия бу шахсни экстрадиция қилишни сўрамоқда”, – дейилади прокуратура баёнотида.