Навоийда тўрт ойлик чақалоғини 10 млн сўмга сотишга уринган аёл қамалди
Навоий вилоятида тўрт ойлик фарзандини сотишга уринган аёлга суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд матбуот хизмати раҳбари Азиз Абидов маълум қилди.
Қайд этилишича, Самарқанд вилояти Пахтачи туманида туғилган 27 ёшли аёл 2016 йилда ўзига таниш бўлган эркак билан шаръий никоҳ ўқитиб, бирга яшай бошлаган. 2021 йилда уларнинг биринчи фарзанди туғилган. Тўнғич фарзанди бир ёшга тўлмасидан аёл иккинчи боласини дунёга келтирган. Аммо ота-она ўғил чақалоқни боқиб катта қилишни истамай, ўз хоҳиши билан ундан воз кечишга қарор қилиб, Пахтачи тумани ҳокимлигига мурожаат қилган. Натижада васийлик органи орқали чақалоқ фарзандсиз оила қарамоғига топширилган.
Орадан икки йил ўтиб, аёл учинчи фарзандига ҳомиладор бўлгани боис эр-хотин ўртасига жанжал чиққан. Эр томонидан калтакланган аёл бир ойлик ҳомиласи билан уйдан чиқиб кетган. Навоий шаҳридаги ижара уйда яшаб келган аёл 2023 йил 7 июлда қиз фарзандини дунёга келтирган ва унга харидор излай бошлаган.
Ўша йилнинг ноябрь ойида аёл 4 ойлик чақалоғини Кармана туман тиббиёт бирлашмаси ҳовлисида шартли харидорга 10 миллион сўмга сотаётган вақтида қўлга олинган.
Жиноят ишлари бўйича Учқудуқ туман судида Жиноят кодексининг 135-моддасида (одам савдоси) назарда тутилган жиноятни содир этган муқаддам судланган аёлга оид жиноят иши кўриб чиқилиб, унга 8 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.